Спорт билан шуғулланиш умуммиллий ҳаракатга айланади

 

Мамлакатимизда спорт умумдавлат иши ҳисобланиб, жисмоний маданият билан бирга аҳолининг кенг қатламларини ва ёш гуруҳларини қамраб олган. Хусусан, юртимизда 50 дан зиёд спорт тури оммалашган бўлиб, улардан 30 тури Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. Аҳолининг спорт билан шуғулланадиган қатламини янада кўпайтириш мақсадида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, Тараққиёт стратегиямизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги фармон ва қарорига биноан, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган эди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири эса болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришдир. Йиғилишда мазкур йўналишдаги режалар тақдимот қилинди.

Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Шунинг билан бирга, маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Муҳим вазифалардан бири сифатиа жорий йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Дарҳақиқат, халқимизни чорлов орқалигина бирон соҳа бўйича ортимиздан эргаштира оламиз. Зеро, “Соғ танда – соғлом ақл”, нақли бежиз айтилмаган. Спортни тарғиб қилиш эса шу йўлдаги дастлабки муҳим ҳаракат ҳисобланади.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш