Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институтида халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссиясининг сайёр қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Кенгаш депутатлари, олий таълим муассасалари раҳбарияти, ЎзХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг вилоятда ижроси тўғрисида масала муҳокама этилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан ахборот берган мутасаддилар вилоятдаги олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш, бу борада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бердилар. Шунингдек, талабалар турар жойини сақлаш ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ барча харажатлар, талабалар турар жойида яшаш учун ундириладиган тўловлар каби масалалар муҳокама қилинди. Таъкидландики, талабаларга турар жойларида етарлича шарт-шароитлар яратилиши уларнинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига, иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишга имкониятлар яратади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалани халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши сессияга киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Қашқдарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.