Маънавият — инсон капиталининг муҳим асоси

 

Ривожланган мамлакатлар тарихига эътибор қаратсак, уларда давлат асосий эътиборини таълимга қаратганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари таълимга эътибор, келажакка эътибор эканлигини, шу боисдан тизимдаги ислоҳотларни давлат сиёсати даражасига кўтараётганлиги ҳам бежиз эмас.

Маълумки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг еттита муҳим йўналишларидан бири инсон капиталини ривожлантириш йўналишидир. Албатта, инсон капиталини ривожлантириш сифатли таълим, сифатли тиббий хизмат, бўш вақтни мазмунли ўтказиш билан бевосита боғлиқ. Таълим жараёнига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва унга давлат бюджетидан қўшимча 100 миллион доллар маблағ йўналтирилиш режалаштирилганини ҳам соҳага нечоғли катта эътиборлигидан далолатдир. Яна бир муҳим жиҳати, таълимни ривожлантириш учун янги тизим дорасида янги методика асосида ўқитишни 3-4 йилда йўлга қўйиш ҳақида ҳам гапирилди. Янги методика асосида мактаб ўқитувчиларини қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбари раислигида куни кеча таълим масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги танқидий таҳлил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев таълим сифатини ошириш масаласида кўплаб вазифалар белгилаб берилганини, бироқ тизимда ўзгаришлар сезилмаётганини қаттиқ танқид қилди. Маҳаллий ҳокимликлар таълим масаласига биринчи галдаги вазифа сифатида қараши лозимлигини куйинчаклик билан маҳаллий ҳокилмликлар бу масалани кун тартибининг биринчисига қўйиши лозимлигини  ва шахсан ўзи назорат қилишини куйинчаклик билан гапирди.

Қайд этилишича, ўтган икки ойда масъуллар томонидан ҳудудларга чиқилиб, жойлардаги муаммолар ўрганилгани ва 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш даражаси таъкидланди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўзлаштириш масаласи ҳам айрим вилоятларда суст эканлиги, олис ва чекка худудлардаги мактабларда таълим сифати қониқарсиз аҳволда эканлиги ҳам танқид остига олинди. Булардан кўриниб турибдики, ҳали таълим соҳасида амалга ошириши керак бўлган ишлар кўп.

Йиғилишда таълим соҳасидаги яна бир оғриқли ҳолат бўйича ҳам тўхталиб ўтилди. Яъни, республика бўйича 1 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича “қизил” тоифага киритилган. Бу ҳолат қайси вилоятларда кузатилаётгани ҳам бирма-бир санаб ўтилди. Кўрсаткичи паст бўлган туманларда ҳокимлар бу соҳага эътибор қаратмагани, мактабларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилиниб, мазкур йўналишда жиддий ўзгаришлар қилиш кераклиги хусусида қатъий кўрсатма берилди. Шунингдек, жорий йилнинг 1-июнига қадар ҳар бир ҳудудда Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилиши, ушбу марказларга математика, физика, кимё, биоллогия, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилиниши, ҳар бир вилоятда “тренерлар гуруҳлари” шакллантирилиши борасида ҳам масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Сир эмас, бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлигидир. Шу боисдан, малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилиши ҳамда Тошкент давлат педагогика университети мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таянч муассасага айлантирилиши ҳақида кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ўқитувчиларни ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин ошириш мумкинлигини ҳам алоҳида қайд этилди. Ўтган йили халқаро сертификатни олган чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими жорий қилингани натижасида Навоий, Наманган, Сурхондарё вилоятларида малакали ўқитувчилар сезиларли даражада ошганлиги, бу тажрибани янги ўқув йилидан бошлаб математика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанларига ҳам жорий этиш мумкинлиги таъкидланди. Бундан ташқари, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича мутлақо янги концепция ишлаб чиқилиши, мактаблардаги маънавятчиларга талабларни қайта кўриб чиқиш, бу лавозимга маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлган кадрларни ишга олиш тавсия этилди.

Тўғрисини айтиш керак, айрим мактабларда раҳбарларнинг ўзи тарбияга муҳтож эканлигига жойларда чиққанимизда шоҳид бўлаяпмиз. Таълим тизимида кўп йиллар фаолият олиб борганим учун ҳам бу тизимдаги ислоҳотларни, янгиликларни диққат билан кузатиб бораман. Педагог сифатида ўқувчилар учун илм-фан, санъат вакиллари, зиёли ва нуронийларни, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш ҳақидаги таклифни тўғри қарор деб биламан. Ҳақиқатан ҳам, қишлоқ жойларда, қўйингки барча мактабларда бу тажриба катта самара бериши шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонни барпо этишда илғор фикрлайдиган, ҳар бир масалага янгича ёндашадиган кадрлар билан эришиш мумкин. Биз депутатлар ҳам сайлов округларимизда таълим соҳасидаги муаммолар ва камчиликларни бартараф этишда юртдошимизга камарбаста бўлишимиз лозим. Чунки, ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъи назар, таълимга дахлдорлигини унутмаслиги лозим. Негаки, бу масала бевосита миллат, юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқдир.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш