Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолини ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Хусусан, сўнгги йилларда эътибордан четда қолиши натижасида аҳолини кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган тармоқлар, тизимлар муҳокама этилиб, янгиланишлар ҳамда ўзгаришларга сабаб бўлмоқда ва албатта, халқимизнинг турмуши яхшиланишига, ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Бунга давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида соғлиқни сақлаш, халқ таълими тизимидаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни баратараф этиш юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Таъкидланганидек, ўтган икки ойда ҳудудлардаги муаммолар ўрганилганда 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган.
Йиғилишда Президент мактаблари, ихтисослашган ва хусусий мактабларда илғор методикалар йўлга қўйилганлиги, лекин қолган мактабларнинг энг катта муаммоси ўқитиш методикасининг эскирганлиги, замонавий таълим услубларини уларда жорий қилиш бўйича ташаббуслар йўқлиги танқид қилинди. Шу боисдан, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши ва ушбу тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан малакали мутахассислар жалб қилинади. Эътиборлиси, бу тизим қуйига ҳам тушиб бориб, вилоятлар кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилади ва улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради.
Тизимдаги яна бир оғриқли нуқта ўқувчиларнинг маънавияти масаласидир. Тўғри, мактабларда маънавиятчиларимиз бор, лекин улар бугунги кунда фарзандларимизга ўз таъсирини ўтказа оляптими? Бу борада кўзланган мақсадга эришиляптими? Тўғрисини айтганда, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Ёшларимизда Ватанга муҳаббат, ота-онага, кексаларга ҳурмат ва миллий қадриятларимизга иззат-ҳурмат туйғуларини тобора йўқолиб бораётганлиги эса ҳеч кимга сир эмас, албатта.
Шу боисдан, маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича мутлақо янги концепция ишлаб чиқилади. Ўқувчиларда ёшлигидан ўзининг маҳалласи ва қишлоғи ҳаётига бефарқ бўлмаслик ҳамда Ватанга муҳаббат, оила, ота-она ва устозларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига катта эътибор қаратилади.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин ошириш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Мисол тариқасида, ўтган йиллар давомида халқаро сертификатни олган чет тили ўқитувчиларни рағбатлантириш тизими жорий қилиниши натижасида малакали ўқитувчилар сезиларли даражада ошган.
Ҳудудларга чиққанимизда кўплаб мактабларнинг юқори коэффицентда ишлаётгани гувоҳи бўляпмиз, бу эса таълим сифатига ўзининг таъсирини ўтказмай қўймайди. Жорий йилда юқори коэффицентда ишлаётган 120 та мактабда ўқиш шароитлари яхшиланади, бу эса тизимдаги энг долзарб муаммоларни ечимига сабаб бўлади. Шу мақсадда, 960 та мактабни компьютер синфи билан таъминлаш, 740 тасида жиҳозлаш ишларини якунлаш хусусида топшириқ берилди.
Қайси соҳани олманг, тизимда янгиликлар ва ўзгаришлар яратиш албатта, раҳбарга боғлиқ. Сайлов округларимиздаги таълим масканларига борганимизда бунга кўп гувоҳ бўлдик. Йўқдан бор қилганларни ҳам, афсуски борини ҳам эплай олмаган мактаб директорлари ҳам бор. Мактаб директорларини сертификатлаш тизимига ўтказиш, тизимда билимли ва янгича қарашга эга мактаб директорларини сонини кўпайтиришга ҳисса қўшади.
Мактаб таълимидаги кескин ислоҳотлар биз ишониб топшираётган зурриёдларимизни чуқур билимлар эгаси бўлишлари ва келажакда эса юртимизни етук мутахассислар билан таъминлаш учун замин яратилади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.