Нажот мактабда, нажот таълимда ва илмда

 

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда кўтарилган масалалар соҳада муайян камчиликлар борлигини, уларни ҳал этишда ҳамон лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўйилаётганини яна бир бор кўрсатди. Давлатимиз раҳбари нега бунчалик куйинаяпти? Таълим соҳасини ривожлантиришга бунчалик катта эътибор қаратаяпти?

Гап шундаки, замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугун тобора кучайиб бораётган талабларга жавоб бериш мақсадида ҳаракат қилиш зарурлигини чуқур ҳис этяпмиз. Олдинга, янгиланиш сари бир неча қадам қўйиш учун эса халқимиз асрлар давомида тўплаган бебаҳо тажриба, яъни кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамда таълим соҳасида эришилган ютуқлар, услубий, тузилмавий, моддий ва ниҳоят, инновацион ривожланиш тажрибасини ҳисобга олиш ҳамда ундан фойдаланиш лозим.

Шу нуқтаи назардан, мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис, охирги беш йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўймоқда. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак.

Шу йилнинг 28 январида Президентимиз бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам таълим соҳасидаги муаммоларга эътибор қаратилганди. Хусусан, мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш зарурлиги, 1695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаблар борлиги тилга олинган эди. Аҳволни яхшилаш учун ҳокимликлар олдига жиддий вазифалар қўйилди. Бироқ ижро кўнгилдагидек бўлмагани сабабли Президент вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди. Жумладан, икки ойда барча ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган. Бунинг асосий сабабларидан бири эса шу пайтгача фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаяпти. Афсуски, мактаб таълими эски қолип доирасида қолиб кетмоқда. Мактабларда ишлаётган 504 минг педагогдан 60 минг нафари ўрта махсус маълумотли, 190 минг нафарида эса умуман малака тоифаси йўқлиги, кўп педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмаслиги соҳадаги турғунликка олиб келаётган омиллардан, десак тўғрироқ бўлади.

Барча соҳада, тизимда ютуқлар гарови кадрларга боғлиқ. Шунинг учун мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланадиган бўлди. Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади. Хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳлари” шакллантирилади.

Йиғилишда мактабларда маънавий муҳитни яхшилаш, улардаги шароитни яхшилаш, мактабларни компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифалари ҳам белгиланди. Мақсад аниқ. Таълим тизимини оёққа қўйиш. Бусиз ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқ, жамият масъул. Чунки, Президентимиз таъкидлаганларидек, келажагимиз учун нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш