Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олишини таъминлаш, жумладан Давлат-хусусий шерикчилигининг тегишли шаклларини ривожлантириш орқали жойлардаги кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва ўрта мактабларда ўқитишни ташкиллаштиришнинг процессуал механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, олис ва чекка ҳудудларда ўқитувчиларга эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурини амалга оширилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини янада такомиллаштириш, ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Жумладан,
Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Охирги 5 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи бир неча баробарга оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудудларда етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини бермоқда.
Юртимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тарбия сифатига бевосита ва билвосита таъсир қилиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилиш, масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.Биз яшаётган давр талабидан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида, халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги таҳлил қилинди ва келгуси устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан,
Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича мутлақо янги концепция ишлаб чиқиш, бунга ижтимоий тармоқлардаги мактаб ўқувчилари орасида обуначиси энг кўп бўлган машҳур санъаткор, спортчи, актёр, блогерларни ҳам фаол жалб қилиш, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин ошириш мумкинлиги бўйича аниқ механизмлар белгиланди. Бунда, мактаб директорларига нисбатан талаб кескин кучайтирилиши,
- янги ўқув йилидан бошлаб кичик мактабларда интернет тезлигини секундига 40 Мегабит, катта мактабларда эса камида 100 Мегабит бўлишини таъминлаш, 5,5 мингта компьютер синфларини янгилаш,
- келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитиш муҳимлиги қайд этилди,
- 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз.
Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методикасини, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш, бу каби таълим ислоҳотлари орқали, Ўзбекистонда янги Уйғониш - учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги кенг қамровли ва шиддатли ислоҳотлар амалга оширилади.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.