Донишмандларнинг бу гапида бир олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, илмли, маърифатли миллат илғор халқлар қаторида бўлади, тараққиёт, ривожланишдан ортда қолмайди. Қадрига, обрў-эътиборга эга бўлади. Аксинча, илм-маърифатдан йироқ, замондан ортда қолган халқ қолоқлик кулфатидан қутула олмайди. Шу маънода буюк мутафаккир Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” – дея мутлақо ҳақ гапни айтган.
Таълим эса мактабдан бошланади. Шу боисдан юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Охирги йилларда соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантириш сифатида белгилаб қўйилди. Энг муҳими, таълим соҳасидаги ислоҳотлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида турибди. Бунга жорий йилнинг ўтган даврида айнан мактаб таълимига бағишлаб Президент томонидан икки марта йиғилиш ўтказилгани ва тизимдаги аҳвол танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб берилганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишлаб ўтказилган сўнгги видеоселектор йиғилишида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилиниб, кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Ушбу мавзуга қисқа вақт ичида қайтилганининг ўзига хос сабаблари бор, албатта.
Жумладан, очиғини айтиш керак, юртимиздаги барча мактаблар ҳам ўқувчиларга пухта, чуқур билим бераяпти, деб бўлмайди. Айрим мактабларда болаларнинг вақти, умри шамолга совуриляпти, десак янглишмаймиз. Таъкидланганидек, мутасаддилар томонидан ҳудудлардаги муаммолар ўрганилганда 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган. Ачинарлиси, битирувчиларидан биронтаси олий ўқув юртига кира олмаган мактаблар ҳам оз эмас. Савол туғилади: бундай мактаблар кимга, нега керак? Наҳотки, фаолияти танқид қилинган мактаблар раҳбарияти, педагоглари юртимизда ёшлар тарбияси, таълимига қаратилаётган эътибордан, ўзгаришлардан бехабар бўлса? Миллат равнақи йўлидаги ушбу ишларда фидойилик кўрсатмаса?
Йиғилишда таълим сифати билан боғлиқ яна бир ўткир масала – ўқитиш методикасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Дарҳақиқат, мактабларнинг энг катта муаммоси бу ўқитиш методикасининг эскирганлигидир. Давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан таъкидлаганидек, замонавий таълим услубларини уларда жорий қилиш бўйича ташаббуслар йўқ. Бундай ҳолатларга чек қўйиш учун мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа амалга оширилиши ўта муҳим ва зарур чора-тадбир бўлди. Унга кўра, ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳудудлардаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади. Бундан ташқари, ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Шунингдек, Абдулла Авлоний номидаги институт Республика миллий таълим маркази сифатида қайта ташкил этилади ва Тошкент давлат педагогика университети билан ягона тизимга бирлаштирилади. Янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади. Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказилади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда яна бир муҳим масала – ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Чунки, ушбу масала ҳам худди таълим каби ёш авлод тақдирида муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича янги концепция ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, мактаблардаги маънавият тарғиботчиларига талабларни қайта кўриб чиқиб, бу вазифага маҳалла ва жамоада обрўси юқори инсонларни тайинлаш, намунали ўқувчи ва ота-оналарни рағбатлантириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Мухтасар айтганда, мактаб таълимини ривожлантириш бугун ҳаёт олдимизга қўяётган энг ўткир масалалардан биридир. Бу жараёндан ҳеч ким четда туриши мумкин эмас. Биз буюк келажак барпо этишга бел боғлаган эканмиз, бу иш мактаб таълимидан бошланишини унутмаслигимиз лозим.
Жаҳонгир Кабиржонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.