Асосийси, қоидага амал қилиш

 

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг сони юқорилиги, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар қониқарли эмаслиги барчада ташвиш уйғотмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга етарли самара бермаяпти.

Мазкур масала давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама этилиб, вазиятни яхшилаш мақсадида соҳада жиддий ислоҳотлар ўтказиш, хусусан, йўл инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш, қоидабузарликларнинг барвақт профилактикасига йўналтирилган самарали тизимни йўлга қўйиш, инсон омилини истисно қилувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш таклифлари илгари сурилган эди.

Юқоридагилар инобатга олинган ҳолда, 2022 йил 4 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, қарорнинг 4-бандига биноан Туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланиши белгилаб қўйилди.

Афсуски, интернет нашрларидан бирида эълон қилинган мақолада ушбу масалага бошқача тарзда ёндашиш кузатилди. Унга кўра, мазкур ҳолат маҳаллий ҳокимликларга қўшимча маблағ ишлаб топиш воситаси бўлиб хизмат қилади, ҳокимликларга бундай қўшимча ваколатларнинг берилиши коррупция даражаси ўсишига олиб келади.

Бизнингча, бу каби муносабатлар ортиқча хавотирдан бошқа нарса эмас. Негаки, йўл қоидаларини бузилишини қайд этиш тизими инсон омилисиз, юқори рақамли технологиялар жорий этилиши ҳисобидан амалиётга киритилиши режалаштирилган. Бу ҳолда, қоидабузарликлар миқдорини инсон аралашуви билан кўпайтириш ёки камайтириш деярли имконсиз бўлади. Яъни, бу тизим ортидан кўпроқ маблағ ишлаб топиш мақсадида фойдаланиб бўлмайди.

Албатта, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳар бири, ҳоҳ пиёда бўлсин, хоҳ транспорт воситасини бошқараётган шахс, биринчи навбатда, йўл ҳаракати қоидаларига қатъи амал қилиши шарт. Оддий бу қоида оқибати баъзида фожиа билан тугайдиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади. Буни ҳар биримиз ёдда тутишимиз лозим.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш