Маҳалла — барчамизни жипслаштирадиган, меҳр-оқибатни, инсонийликни ўргатадиган, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келадиган маскандир. Уни ватан ичра кичик ватан сифатида биламиз. Жаҳон ҳамжамияти томонидан маҳалла ноёб институт дея эътироф этилгани ҳам унинг жамиятда муҳим ўрин тутишидан далолатдир.
Таъкидлаш жоиз, маҳалла халқимизнинг дарду ташвиши, муаммолари, орзу-ниятлари аниқланадиган ва ечим топиладиган маслаҳат маркази ҳам саналади. Шу боис, у ҳаётимизга дахлдор бўлган барча масалаларни ҳал этишда халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилмага айланмоқда. Бугун маҳаллага бўлган эътибор тубдан ўзгариб, маҳалла халқ билан бевосита ишлаш, очиқ мулоқот қилишнинг энг самарали механизмига айланди, десак муболаға бўлмайди. Президентимиз томонидан 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилингани, унга мувофиқ соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, кенг ижро қилинаётгани тизимдаги ишларни янада жадаллаштирмоқда.
Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимининг ташкил этилгани ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, ўсиш нуқталарини аниқлашда катта рол ўйнамоқда. Айнан шу бўғин орқали кўплаб муаммолар ўз ечимини топиб, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси институтининг ташкил этилиши ҳам маҳаллаларда камбағалликнинг олдини олиш бўйича ишларни жойларнинг ўзида ҳал қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва энг муҳими, ишсизликни камайтириш каби мақсадларни мужассам қилгани билан аҳамиятлидир.
“Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Ижтимоий дафтарлар ташкил этилиб, давлат томонидан кўмак бериляпти. Кўплаб фуқароларимиз қўлида гулдай ҳунари бўлса-да, баъзи ҳолларда уни ривожлантириш учун қандай йўл тутишини билмай қолади. Шу ва шунга ўхшаш муаммоларга самарали ечим топиш, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда ҳоким ёрдамчилари уларга яқиндан кўмак беришни бошлади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашишга оид концепцияни ишлаб чиқиш белгилаб берилган.
Мазкур ҳужжатга кўра, ҳоким ёрдамчилари ўзларига қарашли маҳалла ҳудудида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратишга ўз ҳиссаларини қўшишлари назарда тутилади.
Маълумки, кўплаб маҳаллаларимизда йиллар давомида бўш турган бино ва иншоотлар мавжуд бўлиб, фойдаланилмасдан турибди. Эндиликда, ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун ҳоким ёрдамчилари маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлайди. Ундан самарали фойдаланиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш таклифини билдиради. Бу эса, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Эътиборлиси, кейинги йилларда маҳалла раислари нуфузини оширишга эътибор қаратилди, ваколатлари янада кенгайди. Маҳалла раисларига бир қатор вазифалар юклатилган. Ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни, йўл қурилиш, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга, бугунги кунда маҳалла аҳолисининг турмуш тарзи, яшаш шароитига масъул шахс ҳисобланади. Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса, ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина, одамлар рози бўлади, ўз маҳалласи раисига ишончи ортади.
Бундан ташқари, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 7-бандида фуқароларнинг камида учдан бир қисми билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тартибини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Унга кўра, маҳалла ҳудудидаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида учдан бир қисмининг маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тўғрисидаги ташаббуси ҳудудий кенгашлар томонидан фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакиллар йиғилишида) кўриб чиқилади. Бунда ишончсизлик билдириш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаган фуқароларнинг имзо варақалари фуқаролар йиғини мажлисига (фуқаролар вакиллар йиғилишига) тақдим этилади.
Маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Бу тартибнинг киритилиши бежиз эмас, бу жамиятимизнинг бир бўлаги ҳисобланган маҳаллаларимизнинг раисларига катта масъулият юклайди. Ҳар бир одамни рози қилишдек эзгу мақсад йўлида жонбозлик кўрсатишга ундайди.
Мухтсар қилиб айтганда, маҳалла ривожланса, оила фаровон бўлади, жамият янада тараққий этади. Зеро, мамлакатимизда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам маҳалланинг нуфузини кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси