Бугун дунё саҳнасида жиддий беқарорликлар юз бераётган, инсоният турли муаммоларга рўпарў келаётган бир пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини етарли озуқа, тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Айниқса, чорвачилик соҳаси оилалар фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Аҳолининг кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари ташкил этади.
Охирги йилларда чорвачилик бўйича чиқарилган қарорларга асосан, 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Шу даврда чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиб, 4 минг 500 га яқин лойиҳа амалга оширилди. Наслчилик хўжаликларининг сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди. Натижада, 2019-2021 йилларда чорва молларининг бош сони 1 миллион 200 мингтага кўпайди. Лекин иқлим ўзгаришлари, сув ва ер танқислиги, пандемия каби замонамизнинг долзарб муаммолари чорвачиликни ҳам қийинлаштирмоқда.
Хусусан, сўнгги 15 йилда озуқа ер майдони 430 минг гектардан 340 минг гектарга, бир бош қорамолга тўғри келадиган озуқа майдони 50 сотихдан 27 сотихга камайган. Шу боис, чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум етиштиришни кўпайтириш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, чорвачиликни ривожлантиришда, улар ҳайвонлар орасида касалликнинг олдини олишда ветеринария хизматининг ўрни беқиёс. Мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳа кадрларини тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Президентимизнинг “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳола муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Шу қарор асосида соҳага илм ва илғор тажрибаларни жорий этишга Самарқанд ветеринария медицинаси институти масъул этиб белгиланди. Ушбу институт мақоми оширилди ҳамда унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилди. Бу муассаса кластерларга амалий ва методологик кўмак бериб, пуллик хизматлар кўрсатади, аҳоли ва фермерларни қисқа муддатли курсларда ўқитади. Энди Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди. Университет ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ветеринария клиникаси, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув-тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш; юқори босқич талабалари ҳамда илмий изланувчиларининг илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларида фаолият юритиши учун шароит яратиш кби вазифалар билан шуғулланиши эътиборли. Бу мақсадлар соҳада илмий мактабларни ривожлантириш, ветеринария ва чорвачилик йўналишида таълим, тадқиқот ва илмий ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий- тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, илмий маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартаплар ва акселератор фаолиятини йўлга қўйиш, таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали алоқаларни ўрнатиш имконини беради.
Шу билан биргаликда қарор мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган изчил чора-тадбирларга “қанот” бўлади. Бугунги кунда паррандачилик хўжаликлари олдига қўйиладиган вазифаларни бажаришда юқумли ва инвазион касалликларнинг хавфсизлигини таыминлаш талаб этилади. Хусусан, колибактериоз касаллиги билан касалланган жўжалар ўртасида ўлим кўрсаткичи 75 фоизгача кузатилади. Шунинг учун паррандаларнинг колибактериоз касаллигини эпизоотологиясини, кечиш хусусиятларини ва ташҳис усулларини ўрганиш, даволаш ва олдини олишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки ҳозирги даврда Республикамизда мавжуд парранда бош сонининг кўп қисми фермер, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларининг кичик товуқчилик фермаларидаги алмашинмайдиган тўшамалар (баъзан ер) шароитида сақланиб, бир вақтнинг ўзида улар орасида учровчи инвазион ва айрим юқумли (пуллороз, колибактериоз каби) касалликлар учраб туриши оқибатида ёш ва ўсувчи (10-120 кунлик) жўжаларнинг нобуд бўлиши, озуқа сарфи ҳамда ветеринария харажатларининг ортиши, паррандаларни меьёрда етилмаслиги туфайли келажакда фойдаланишга яроқсиз бўлиши эвазига фермер, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари катта иқтисодий зарар кўради. Шунинг учун ҳам бу касалликни ўрганиш, олдини олиш ва даволаш тадбирларини доимо такомиллаштириб, антибиотикларни қўзғатувчиларнинг сезгирлик даражасига мослаб қўллаб, унинг олдини олиш орқали товуқларнинг бош сонларини сақлаб қолиб, юқори маҳсулдорликка эришиш ветеринария хизматининг долзарб вазифаси бўлиб ҳисобланади.
Демак, қарор билан ветеринария соҳасида таълим жараёнларининг бевосита амалиёт билан уйғунликда ташкил этилишини, илм-фан ва технологиялар интеграциясини таъминлаш мақсадида Университет ҳузурида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ташкил этилаётгани, унинг таркибида Ветеринария лаборатория-диагностика ва профилактика-даволаш клиникаси; Сунъий уруғлантириш ва наслчилик-селекция маркази; чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонида парваришланаётган ҳайвонлар учун озуқа етиштириш, жамғариш ва тайёрлаш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатадиган маслаҳат маркази бўлимларининг йўлга қўйилаётгани ҳайвонлар ва паррандаларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, янгидан-янги препаратларни ишлаб чиқиши ишига хизмат қилади.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси.