Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, яъни халқимиз дастурхонига арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун қатор чоралар кўрилмоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган тегишли видеоселектор йиғилишида ҳам нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, нархларни арзонлаштиришга хизмат қилувчи муҳим топшириқлар берилган эди.
Бироқ, дунёда мураккаб давр давом этаётган, халқимиз фаровонлигини таъминлаш учун асосий вазифа бўлиб турган вақтда жойлардаги мутасаддиларнинг қилмишлари дилни хира қилади.
Яқинда ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентдаги “Фарҳод деҳқон бозори” АЖ директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳамда кассирини қўлга олди. Улар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 19 февралдаги 203-сонли “Элга хизмат” ва “Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари” савдо нуқталаридан тўлов олинмаслиги ҳақидаги қарорига зид равишда бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, ҳар 10 кунлик савдо фаолияти учун 660 000 сўм олиб келишган.
Қонунга зид равишда тадбиркорлардан пул ундириш тўғридан-тўғри бозорлардаги нарх-навонинг кўтарилишига таъсир қилишини, наҳотки, бозор раҳбарияти билмас эди? Айрим мансабдор шахсларнинг фақат ўз чўнтаги ва жиғилдонини ўйлашини хиёнат, деб баҳолаш мумкин.
Халқ демократик партияси тадбиркорлардан ноқонуний пул ундирувчи бундай шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблайди. Айни пайтда, бундай муаммолар юзага келишининг асл сабабларини чуқур таҳлил қилиш, бозорлар фаолиятида очиқлик тамойилини мустаҳкамлаш керак. Бозор элники, уни бир неча ёки бир гуруҳ кимсалар ноқонуний даромад манбаига айлантириб олишига йўл қўйиб бўлмайди.
Хуршидабону Назарова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати сектор мудири.