Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги каби бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан “Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Қайд этиш керак, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда, хусусан, марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси ишга туширилди. Унинг доирасида судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, ишларни қоғоз шаклидан воз кечган ҳолда электрон шакллантириш ва суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиш каби бир қатор соҳалар рақамлаштирилди. Шунингдек, судларнинг ахборот тизими билан 28 та ташкилот ва идораларнинг 38 та ахборот тизимлари ўртасида муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга татбиқ этилди.
Жумладан, Олий суднинг “ADOLAT” ахборот тизимлари комплекси платформасида Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) ишга туширилди. Унда жисмоний ва юридик шахслар учун судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар жойлаштирилди.
Юқоридаги каби интерактив хизматлардан фойдаланиш учун барча ташкилий имкониятлар яратилган бўлиб, эндиликда ушбу имкониятларни ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари сифатида қонун даражасида кафолатлаб қўйишга, шунингдек, шаклланган амалиётни процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш зарурати мавжуд.
Шу боисдан, қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суд иши бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида SMS-хабар орқали хабардор қилишнинг процессуал асосини белгилаш, судга берилган мурожаатнинг ҳолатини онлайн кузатиб туриш имконияти суд иши бўйича тарафларнинг процессуал ҳуқуқи сифатида мустаҳкамлаш, суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартиби белгилаш ҳамда якуний суд ҳужжатларини ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида шакллантириш ва тарафларга Интернет тармоғи орқали, судга маълум қилинган телефон рақамларига SMS-хабар орқали ва почта манзили орқали тақдим этишнинг ҳуқуқий асоси белгилаш каби процессуал тартиблар жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли фуқароларнинг судга берилган мурожаатининг натижасини билиш, суд мажлисларидан қатнашиш ва суд қарорини олиш учун суд биноларига келишлари билан боғлиқ оворагарчиликларининг олдини олиш, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш каби суднинг шаффофлиги ва одиллигини таъминлашга қаратилган бир қатор имкониятлар яратилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Фракция аъзолари йиғилишда муҳокама қилинган бошқа қонунлар лойиҳалари юзасидан ҳам электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати