Мурожаат ижобий ҳал этилди

 

Фуқароларнинг мурожаатини ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш, халқнинг давлатга ва ислоҳотларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради.

Янгиқўрғон тумани “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулнора Парпиева уч нафар вояга етмаган фарзанди билан турмуш ўртоғининг хонадонига мажбурий киритиб қўйиш юзасидан Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон туман кенгаши қошида ташкил этилган юридик клиникага мурожаат этди. Маълум бўлишича, унинг турмуш ўртоғи шаърий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олгани учун мурожаатчи фарзандлари билан ота ҳовлисида яшаётган экан.

Мазкур мурожаат депутатларимиз Мухторали Жўрабоев, Муҳаммаджон Маҳмудов ҳамда Азиза Асқарова томонидан ўрганилди. Кўрилган чоралар натижасида Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судида Гулнора Парпиевани уч нафар фарзанди билан турмуш ўртоғининг хонадонига мажбурий киритиш масаласи суд тартибида кўриб чиқилди. Суд томонидан мурожаатчининг ва фарзандларининг ҳуқуқлари тикланиб, улар ўз ҳовлисига туман Мажбурий ижро бюроси иштирокида мажбурий тартибда киритилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.

Туманнинг “Сутлибулоқ” МФЙда яшовчи Шаҳноза Жўрабоева эса фуқаро Зоҳиджон Худойберганов билан оила қурган. Дастлаб улар аҳл-иноқ яшашган. Ўрталарида бир нафар фарзанд бор. Ҳозирда З. Худойберганов Россия Федерациясига ишлаш учун кетган. Оиласи билан муросаси яхши эмас. Уларнинг уч ёшли фарзанди қайнонаси томонидан мажбурий тартибда олиб қолиниб, онасига берилмаган, онага боласини кўришга ҳам рухсат берилмаган. Ушбу масала юзасидан Ш.Жўрабоеванинг мурожаати депутатларимиз томонидан кўриб чиқилиб, фарзанднинг она бағрига қайтарилишига эришилди.

Партия туман Кенгаши ҳузуридаги юридик клиника аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳисса қўшаётганидан янгиқўрғонликлар мамнун.

 

Соҳиба Жуманова,

Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш