Саховатпеша тадбиркор

 

Партиядошимиз, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Фаррух Бекмурзаев “Azia fruits garden” МЧЖ раҳбари сифатида қатор хайрли ишларга бош қўшиб келмоқда. Хусусан, Имом Бухорий маҳалласида жойлашган корхона тасарруфидаги 18 гектар иссиқхона хўжалигида помидор, бодринг, карам, булғор қалампири, шунингдек, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозордан ташқари, хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Бунинг ортидан ўнлаб оилаларнинг бандлиги ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлиши таъминланмоқда.

Ўтган йилда корхона томонидан умумий қиймати 1 миллион 50 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди. Экспортдан тушган даромаддан эса барча манфаатдор бўлди. Мажмуа ҳудудида 780 тонна сиғимга эга бўлган музлатгич ҳам эл-юрт хизматида. Яъни, бу ерда қишин-ёзин сархил мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини бозорга етказиб бериш имконияти мавжуд. Мажмуада меваларни қуритиш ва қадоқлаш цехи фаолияти йўлга қўйилиши ортидан қўшимча яна 5 та иш ўрни яратилди.

Яқинда тадбиркор жамоаси билан яна бир хайрли ишга қўл урди. Яъни, “Тинчлик”, “Бўзачи”, “Бўстон”, “Имом Бухорий”, “Навбаҳор”, “Жарқоқ” ва “Чўлқувар” маҳаллаларида истиқомат қилаётган камхарж ва кам даромадли оилаларга иссиқхонада экиб ундирилган помидор кўчатлари тарқатилмоқда. Ушбу мақсад учун жамоа миришкорлари 50 минг туп помидор кўчатини заҳира қилишган.

Эътиборлиси, кўчат олган фуқаролар “Azia fruits garden” МЧЖ мутахассислари тавсиялари асосида ҳовлиларига помидор экиб, парваришлаш ишларини бошлаб юборишди. Бу кўчатлар ҳадемай дастурхонга файз, рўзғорга барака келтириши шубҳасиз.

 

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш