Муаммолар депутатлар эътиборида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Данғара туманидаги ижроси юзасидан ЎзХДП депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш якунлари тўғрисидаги масала халқ депутатлари Данғара туман Кенгашининг сессиясида кўриб чиқилди.

Қарор ижросини таъминлаш бўйича 2021 йил 23 августда Фарғона вилояти ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Партия депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган мониторингдан маълум бўлишича, туманда 4124 та ногиронлиги бўлган шахс мавжуд. Улар орасида ногиронлиги бўлган болалардан 7 нафари юқори технологик юрак операциясига, 10 нафари Брайл алифбосига, 1 нафари Кохлер имплантантига, 16 нафари скалиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси жарроҳлигига, 52 нафари метал конструктура, 2 нафари Иллизаров аппаратига муҳтож эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, туманда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар 150 нафарни ташкил этиши аниқланди.

Партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишга давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус вазифаларга эга “ақлли соат”лар олиб берилиши режалаштирилган.

Шунинг билан бирга, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори ижросини бекаму кўст таъминлаш мақсадида мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган, эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган (адаптив) ўқув тизимини жорий қилиш вазифаси ҳам мутасаддиларга белгилаб берилди.

 

Оллоберди Олимов,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш