Жиноятчини жазолаш иш битмайди

 

Спортни, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ва бунинг учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағлар йўналтирилмоқда. Аммо бу маблағлардан мақсадли фойдаланилмоқда? Ўз эгаларига етиб боряптими?

Афсуски, муаммолар борлиги кўриниб қоляпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволини тизимли равишда ўрганиб бориш натижалари қувонарли эмас.

Хусусан, яқинда прокуратура томонидан маълум қилинган Фарғона вилояти Олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчисининг кирдикорларини олайлик. У эгаллаб турган лавозимидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, 2019-2021 йиллар давомида ўзига асоссиз равишда жами 4 млрд. сўм иш ҳақи ва устама ёзиб олибди. Шунингдек, коллеж ўқитувчилари номига банк пластик карталари очиб, уларга 310 млн. сўм бюджет маблағларини ўқитувчиларга билдирмасдан ўтказибди.

Айбдор, жиноятчи жазосини олсин. Лекин бошқа муҳим, оғриқли саволларга ким, қачон жавоб беради? Бир ходим ойлар давомида пул ўмариб юрган бўлсаю нима учун буни тизим билмаган? Бюджет пули ўмарилган яна қанча ҳолатлар ҳали очилмаган?

Бош ҳисобчи талон-тарож қилган жами 4,3 млрд. сўм маблағларни интернет тармоғи орқали қимор ўйинларига тикиб, ҳавога совурганини қўя турайлик. Биргина коллежнинг бош ҳисобчиси шунча маблағни ўзлаштира олганининг ўзи бюджет маблағларини сарфлаш масаласини жиддий кўриб чиқиш, шаффоф тизим яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, коррупцион схемаларга алоқадор давлат муассасалари ходимларининг жавобгарлигини кучайтириш, бюджет маблағларини ўғирлашга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг шахсини ошкор қилиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

Тергов, суд жараёнлари якунига етгач, айбдорларга қандай жазо қўлланилганлиги аксарият ҳолларда мавҳум бўлиб қолмоқда. Аниқроғи, ЖКнинг қайси моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилади, холос. Аммо якуни нима бўлди? Бу ОАВ орқали маълум қилинмайди. Бундай вазият бюджет маблағларини ўмарган мансабдор шахслар жазосиз қоляпти, деган нотўғри хулосага ҳам олиб келиши мумкин.

Мансабдор шахсларнинг жазосизлиги мансабдор шахслар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келади. Яна бир муаммо шундаки, мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолиятини назорат қилувчи самарали механизмнинг йўқлиги нопок, қинғир ишларга янада кенгроқ йўл очиб беради.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш