Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда фракция аъзолари томонидан «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартиби соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Депутатлар биринчи ўқишда муҳокама қилган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартиби соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Қонунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 мартдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов натижаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқлаш тартиби бекор қилингани муносабати билан ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, қонуннинг 5-моддасидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов якунларини тасдиқлаш бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, қонуннинг 24-моддаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга очиқ электрон танлов бўйича ижара ҳуқуқи асосида бериш тартиби билан мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция аъзолари томонидан маъқулланди. Муҳокама этилган бошқа қонун лойиҳаларига ҳам электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирилди.
Йиғилишда фракция фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати