2022 йилга ном бериб, энг муҳим вазифаларни белгилашда нега айнан маҳаллага эътибор қаратилганини тушуниш учун узоққа бориш шарт эмас. Бунинг мазмуни остонамизда, кўчамиз, маҳалламиздаги одамлар ва хонадонларда.
Жамоа бўлиб, бир маҳалла бўлиб яшаш туйғуси қадим-қадимдан халқимизнинг миллий турмуш ва тафаккур тарзига айланиб кетган ижтимоий ҳаётнинг ҳам узвий қисми сифатида катта бир маънавий қадрият, деб қаралган. Президентимиз томонидан 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди ҳамда дастур ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
Маҳалла ҳаётимизга дахлдор бўлган барча масалаларни ҳал этишда халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилмага айланмоқда. Бугун маҳаллага бўлган эътибор тубдан ўзгариб, маҳалла халқ билан бевосита ишлаш, очиқ мулоқот қилишнинг энг самарали механизмига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Маҳаллабай ишлаш тизимининг ташкил этилгани ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, ўсиш нуқталарини аниқлашда катта роль ўйнамоқда. Айнан шу бўғин орқали кўплаб муаммолар ўз ечимини топиб, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳоким ёрдамчиси институтининг ташкил этилиши ҳам маҳаллаларимизда камбағалликнинг олдини олиш бўйича ишларни жойларнинг ўзида ҳал қилиш, аҳолини даромадга ўргатиш, ҳудудларни ривожлантириш ва энг муҳими, ишсизликни камайтириш каби мақсадларни мужассам қилгани билан аҳамиятлидир.
«Инсон қадри учун», деган эзгу ғоя асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Ижтимоий муҳофаза бўйича дафтарлар ташкил этилиб, давлат томонидан кўмак бериляпти.
Айрим фуқаролар қўлида гулдай ҳунари бўлса-да, баъзи ҳолларда уни ривожлантириш учун қандай йўл тутишини билмай қолади. Шу ва шунга ўхшаш муаммоларга самарали ечим топиш, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятини йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда ҳоким ёрдамчилари уларга яқиндан кўмак беришни бошлади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашишга оид концепцияни ишлаб чиқиш белгилаб берилган.
Мазкур ҳужжатга кўра, ҳоким ёрдамчилари ўзларига қарашли маҳалла ҳудудида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратишга ўз ҳиссаларини қўшишлари назарда тутилади.
Маълумки, кўплаб маҳаллаларимизда йиллар давомида бўш турган бино ва иншоотлар мавжуд бўлиб, фойдаланилмасдан турибди. Эндиликда ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун ҳоким ёрдамчилари маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлайди. Ундан самарали фойдаланиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш таклифини билдиради. Бу эса ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Шунингдек, маҳалланинг ўзида касб-ҳунар ўрганишлари учун шароитларнинг яратилиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун спорт майдончалари қуриш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун маданият ўчоқларининг очилиши ёшларимизни зарарли одатлардан ҳимоялаш билан бирга, маҳалла ёшларини бир-бири билан янада аҳил бўлишига сабаб бўлади.
Кейинги йилларда маҳалла раислари нуфузини оширишга эътибор қаратилди, ваколатлари янада кенгайди. Маҳалла раисларига бир қатор вазифалар юклатилган. Ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, йўл қурилиш, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга, бугунги кунда маҳалла аҳолисининг турмуш тарзи қандай кечаяпти, нима билан нафас олаяпти, буларнинг барчасига масъул шахс ҳисобланади.
Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса ва ҳамма масала аввало, маҳаллада ҳал бўлсагина, одамлар рози бўлади ҳамда ўз маҳалласи раисига ишончи ортади.
«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 7-бандида Фуқароларнинг камида учдан бир қисми билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тартибини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Унга кўра, маҳалла ҳудудидаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида учдан бир қисмининг маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тўғрисидаги ташаббуси ҳудудий кенгашлар томонидан фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакиллар йиғилишида) кўриб чиқилади. Бунда ишончсизлик билдириш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаган фуқароларнинг имзо варақалари фуқаролар йиғини мажлисига (фуқаролар вакиллар йиғилишига) тақдим этилади.
Маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Бу тартибнинг киритилиши бежизга эмас, бу жамиятимизнинг бир бўлаги ҳисобланган маҳаллаларимизнинг раисларига катта масъулият юклайди. Ҳар бир одамни рози қилишдек эзгу мақсад йўлида жонбозлик кўрсатишга ундайди.
Маҳалла ривожланса, оила фаровон бўлади, жамият янада тараққий этади. Барчамиз бу ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, маҳаллаларимизнинг файзи ва ободлигини ошириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишимиз зарур.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 13.04.2022, №15