Узоқ эмас, яқин 5-6 йил аввал отахону онахонлар пенсия билан боғлиқ қанча бош оғриғига дуч келарди? Пенсия фақат пластикка тушарди, уни нақдлаштириш учун фалон фоиз ҳақ сўраларди. Бир ҳудудда бир ой кечикиш бўлса, бошқасида ҳолат ундан ҳам ёмонроқ эди. Ҳозир бундай ғалвалар йўқ.
Лекин, барибир, қийинчиликлар қолган эди. Хусусан, нуронийлар пенсия тўғрилашда кўп сарсонгарчиликларга учраб келарди. Пенсияга чиқиш учун фуқаро меҳнат фаолияти давомида нечта ташкилотда ишлаган бўлса, ҳаммасидан қанча муддат ишлагани, қанча маош олгани тўғрисида маълумотнома йиғиши керак бўларди.
Масалан, 30 йилда 10 дан зиёд ташкилотда ишладингиз. Энди пенсияга чиқишингиз керак. Югур-югур вақти келди. Бу пайтда айрим ташкилотлар “ёпилиб” кетган бўлиши ҳам мумкин. Керакли ҳужжатларни йиғиш учун камида икки ой вақт, яна қанча вақт, қанча асаб кетади.
Президентимизнинг 2022 йил 7 апрелда қабул қилинган “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўп овогарчиликларга барҳам беради, нуронийларнинг оғирини енгил қилади.
Эндиликда фақат паспорт ёки идентификация картаси асосида пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланади. Бунга эришиш учун вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмоқда, электрон ахборот алмашинув тизими жорий этиляпти. Янги тартибга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқигани ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона меҳнат миллий тизими” орқали электрон тарзда олинади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.
Яна бир муҳим ўзгариш — ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда улар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаб бориш ҳуқуқи берилди. Бу орқали, ўз навбатида, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлгани ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан, ишламаган аёллар учун келажакда пенсия олиш имконияти берилади.
Қолаверса, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши мумкин. Яъни, фуқаро вилоятда доимий яшаётган, бироқ Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган бўлса, пенсия тайинлаш ёки тўлаш учун вилоятга бориш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, тизимда яна бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 майдан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.
АТ Халқ банки томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд пулда етказиш хизматлари учун 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Эътибор қаратинг, ушбу 1 фоизни пенсионерлар тўламайди, бу бюджет ва Пенсия жамғармаси маблағларидан қоплаб берилади.
Энди пенсионерлар пластик картадаги пулини нақдлаштириш учун туман марказига бориб юришига ҳам ҳожат қолмайди. Халқ банкининг сайёр кассалари маҳаллаларга бориб, хоҳловчиларнинг пулларини нақдлаштириб беради. 2022 йил 1 сентябргача эса ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.
Қарор билан яна бир оғриқли масалага ечим топилмоқда. Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда, юртимизнинг исталган туманидаги исталган банкка боринг, нақд пул олиш учун охири йўқ навбатларга кўзингиз тушади. Банкларда банкомат етишмайди, айримлари ё ишламайди, ё пули тугаган бўлади. Қарорда аҳолини банкоматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида 2022 йил 1 октябрга қадар хориждан 1800 та банкомат олиб келинган ҳолда, уларнинг ҳудудлар, шу жумладан, олис туманларда ўрнатилиши таъминланади.
Шу билан бирга, 2022 йил якунигача пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобиль иловаси ишлаб чиқилади.
Қаранг, битта қарор билан қанча эски муаммолар ечим топяпти? Ушбу муҳим ҳужжатда белгиланган вазифалар ҳамма жойда ўз вақтида бажарилиши учун нафақат мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, вакиллик ҳокимияти, депутатлик корпуси доимий мулоқотда бўлиб талабчанликни ошириши зарур.
Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Референти.
«Ўзбекистон овози», 13.04.2022, №15