Йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш, аввало ўзимизга боғлиқ

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди. Жорий йил 1-майдан кучга кирадиган мазкур қонун ҳужжатида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатининг барча иштирокчиларининг соғлиги ва ҳаёти муҳофазасига хизмат қилувчи бир қатор янги қоидалар жой олган.

Хусусан, ҳужжат кучга киргандан сўнг юк автомобиллари йўлнинг фақат ўнг қисмидан ҳаракатланиши шартлиги белгиланган. Бу турдаги автомобиллар фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап тарафига ўтиши мумкин. Буларга амал қилмаслик қоидабузарлик сифатида расмийлаштирилади.

Хабарингиз бор, мамлакатимиз автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайгани, аксарият ҳолларда улар оғир оқибатлар билан тугаётгани халқимизни ташвишга солиб келаётганди. Умуман олганда, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўл ҳаракати қоидаларига жиддий ўзгартишлар киритиш зарурати бор эди. Шу боисдан, йўл ҳаракати қоидаларига ҳаракат иштирокчилари, фуқароларнинг манфаатига хизмат қиладиган бир қатор ўзгартишлар киритилди.

Ўрни келганда таъкидлаш керак, йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашда йўл инфратузилмасининг нечоғлик ривожлангани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Автомобиль йўллари қўмитаси, маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижросини таъминлаш борасида жамоатчилик назорати яхши самара бериши шубҳасиз.

Шуни ёдда тутишимиз керакки, кўчага чиқар эканмиз, пиёда бўламизми ёки транспорт воситаси ҳайдовчисими, барчамиз йўл ҳаракати иштирокчиларига айланамиз. Манзилимизга соғ-саломат етиб олишимизда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишимиз муҳим аҳамиятга эга. Бу қоидани доимо ёдда тутиш лозим.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш