Шоҳимардондаги дам олиш маскани тортиб олиняптими?..

 

16 ноябрь куни “Sevimli”, “Mening yurtim” ва “Milliy” телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Демократик дебат” ток-шоусида “Human.uz” сайти мухбири Мавжуда Мирзаева Фарғона вилоятидан келган ва залда ўтирган мурожаатчиларнинг муаммосини ҳал қилишга Халқ демократик партияси амалий ёрдам бериши ёки бера олмаслигини сўрагани ҳақида маълумот тақдим этган эдик.

Дебат вақтида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раҳбарияти мурожаатни атрофлича ўрганиш ва (қонун доирасида) ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш бўйича халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар иштирокида ишчи гуруҳ тузиладиган бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти балансидаги Фарғона тумани Шоҳимардон МФЙ ҳудудида жойлашган дам олиш маскани кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган, 2010 йилга қадар самарали фаолият юритиб келган. 2010-2018 йилларда чегара ёпиқлиги сабабли вақтинчалик фаолият кўрсатмаган.

2018 йилнинг ёз ойларидан буён мазкур дам олиш маскани фаолияти қайта тикланиб, ўша мавсумда 300 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар дам олишган.

2018 йил 19 декабрда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқарувининг 108-сонли қарори билан мазкур дам олиш маскани жамиятнинг Фарғона вилоят бўлими балансига ўтказиб берилган.

Дам олиш маскани билан боғлиқ иш жорий йил 16 сентябрь куни Тошлоқ туман маъмурий судида кўрилган. Суд ҳужжатларидаги маълумотларга кўра, Фарғона вилоят идоралараро комиссияси томонидан 2018 йил 17 декабрь куни дам олиш масканига инвестиция лойиҳаси тақдим этилмаган, деган важ билан хулоса тузилган. Ушбу хулоса давлат солиқ инспекциясининг Фарғона туман бўлимига тақдим этилиб, дам олиш масканига нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш сўралган. Амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра, инвестиция лойиҳаларини киритиш шарти фақатгина ишлаб чиқариш объектларига тадбиқ этилиши лозим. Дам олиш маскани эса мавсумий объект ҳисобланиб, бундай объектларга нисбатан инвестиция шарти кўрсатилмаган.

Мурожаатчиларнинг айтишича, дам олиш масканига “қизиқиш” 2018 йилнинг январ ойидан бошланган. “Бу жойни тадбиркорларга берайлик, Шоҳимардонда ҳам янги иш ўринлари очилсин”, деган таклифлар авж олган. Ваҳоланки, дам олиш маскани қонунан Кўзи ожизлар жамияти Фарғона вилоят бўлимига тегишли.

Жорий йил 13 ноябрь (Халқаро кўзи ожизлар куни)да дам олиш масканини Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими тасарруфига ўтказиш тўғрисида Фарғона туман ҳокимининг қарори чиқади. Мурожаатчилар шу масала бўйича амалий ёрдам сўради.

Депутатларимизнинг ўрганишлари натижалари ҳақида кейин яна батафсил маълумот берамиз.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ва прокуратурасидан жонли эфирда кўтарилган, ОАВ вакиллари ва кўп минг сонли юртдошларимиз гувоҳи бўлган мурожаатнинг тез ва қонунга мувофиқ кўриб чиқилишига бефарқ қарамасликни, қисқа муддат ичида расмий ахборот берилишини яна бир бор сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Сайлов-2019 Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш