Барқарор бозор иқтисодиёти турмуш фаровонлиги гаровидир

 

Дунёда содир бўлаётган нохуш воқеалар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиб бормоқда. Бир куни ёғ нархининг ошганига гувоҳ бўлсангиз, бошқа куни ун нархи ошиб кетганини кўрасиз. Бозорлардаги барқарорликни ушлаб туриш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан мақсадли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Маълумки, ички бозорда нарх-навонинг бир хил меъёрини таъминлашнинг иқтисодий чораси озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир. Шу боис бу йил юртимизда 7 миллион 700 минг тонна буғдой, 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириш ҳамда ички бозорни маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Аввало, янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ердан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг 80 минг гектари қисқартирилган пахта ва ғалла майдонлари бўлиб, 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида берилган. Бу эса ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, деганидир.

Давлатимиз раҳбари деҳқонларни энг қийнайдиган масала сифатли уруғ топиш ва етиштирган маҳсулотини сотиш эканини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш, маҳсулотни кафолатли сотиб олиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди.

Маҳсулот етиштириш учун яна бир манба сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерлардир. Бу майдонларга ирригация тармоқлари тортиб, тадбиркорларни жалб этиб, мос келадиган экинлар экиш чоралари белгиланди. Шунингдек, илгари фойдаланишдан чиққан 135 минг гектар ерни қайта тиклаш ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қўшимча имконият экани таъкидланди.

Бугунги кунда аҳоли ихтиёрида 380 минг гектар томорқа бор. Уларда мева-сабзавотлар етиштирилса, ҳам рўзғорга барака, ҳам умумий бозоримизга қўшимча маҳсулот киради. Бунинг учун молиявий тизим ҳам бор: шу йил 21 февралда томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Бу борадаги энг катта муаммо сув таъминоти бўлиши мумкин. Шу боис, Сув хўжалиги вазирлигига ҳар бир маҳалла кесимида канал ва ариқларни тозалаш, сув таъминоти оғир жойларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиб, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан қўшимча 50 миллиард сўмдан йўналтирилиши айтилди. Шунингдек, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланди. Унга кўра, жорий йил 1 октябрга қадар 4 минг 500 километр суғориш тармоқлари тозаланади, 231 километри бетонланади, 3 мингта гидротехника иншооти таъмирланиб, 3 мингдан зиёд насос ўрнатилади ҳамда 281 та қудуқ қазилади.

Йиғилишда аграр тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, жорий йил учун тижорат банкларига 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилган. Лекин бугунги кунгача тижорат банкларига киритилган 790 миллиард сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25-30 фоизи молиялаштирилган, холос. Тижорат банкларининг бу борадаги фаолияти танқид қилиниб, қўшимча кўрсатмалар берилди.

Бошоқли дон ва ўсимлик ёғи хомашёсини кўпайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Четдан олиб келинадиган кунгабоқар, соя ва бошқа мойли экинлар бўйича божхона имтиёзлари бериш ҳамда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш таклифи билдирилди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган иккита соҳа бўйича ҳокимлар “йўл хариталари” асосида аниқ режаларини баён қилди. Шу сабабли, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда тарғиботини кучайтириш, унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар кўламини кенг жамоатчиликка етказишда биз депутатлар ва партия фаолларимизнинг ўрнини кучайтиришимиз ғоятда муҳим вазифадир.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш