Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил I чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги тегшли Фармони билан тасдиқланган. У 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилда умумий қиймати 55 трлн сўм ва 11,7 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Давлат дастурида назарда тутилган топшириқлардан 87 тасининг ижро муддати жорий йилнинг I чораги этиб белгиланган. Улардан 64 та банд ва кичик бандлар ҳозиргача тўлиқ бажарилган, 6 тасининг ижро муддати узайтирилган ҳамда 17 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.
Дастур ижросини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ 2021/2022 ўқув йили якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тажриба-синов тарзида ташкил этилди.
“Аёллар дафтари”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 31 мартида Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шунингдек, жорий йилда 630 232 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилиши кўзда тутилган ва уларга 3 трлн 83 млн сўмлик ижтимоий-иқтисодий кўмак берилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизларга кўрсатиладиган 41 турдаги хизматлар (ёрдамлар) тўплами жорий қилинди. Эътиборлиси, эндиликда хотин-қизлар 1 йил давомида ушбу ёрдамларни олиб, ўзини рўзғорини мустақил тебратадиган даражага етганидан сўнггина уларни “Аёллар дафтари”дан чиқариши мумкин бўлади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Давлат дастурининг 2022 йил I чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллади.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати