Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда Энергетика вазирлиги томонидан “Энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаш, эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда парламент қуйи палатасидаги фракция аъзолари, Марказий Кенгаш маъсул ходимлари, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кенгашлари депутатлари, минтақавий партия кенгашлари раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган “Энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаш, эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш” вазифаси ижросини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова очиб, мамлакатимизда энергия мустақиллигини, аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқларини электр қуввати билан барқарор таъминлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтиб, бу борада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаати ҳақида қайғуриш Ўзбекистон ХДП учун устувор масала эканини таъкидлади.
Кун тартибидаги масала юзасидан Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Жавоҳир Жўраев, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азизхон Назаров сўзга чиқиб, Давлат дастурида белгиланган энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаш, эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш борасида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот бердилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов давра суҳбатида муҳокама этилган масала юзасидан электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.
Давра суҳбати кун тартибида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати