Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мақбул ижтимоий шароитларни яратиб бериш каби вазифаларни амалга ошириш йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кам таъминланган, имконияти чекланган аҳоли вакиллари бундай эътиборга ҳар доим эҳтиёж сезади. Тизимда олиб борилаетган ишларни тубдан такомиллаштириш мақсадида куни-кеча “Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, эндиликда, ушбу мактаблар Ички ишлар вазирлигига бириктирилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, мактабларнинг Брайл алифбосида чоп этилган китоблар билан таъминланганлик даражаси ҳар олти ойда таҳлил қилиниб, бу масалада камчилик ва муаммолар аниқланса, ҳал қилиш чоралари кўрилади. Шунингдек, барча вилоятлардаги мавжуд ихтисослаштирилган мактаблар махсус адабиётлар билан тўлиқ таъминланиб, дарс жараёнлари сифатини тубдан яхшилашга эътибор қаратилади. Бундан ташқари, мактабларда хорижий тил, ахборот технологиялари, касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади ҳамда бу уларнинг келгусидаги ҳаётида ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўзи ожиз болалар учун ташкил этилаётган мактабга тайёрловчи бир йиллик мобил гуруҳлари эса бу соҳада тизимлиликни таъминлаб беради ва муаммоларни аниқлаш, ҳал этишда алоҳида ўрин эгаллайди.
Қарорга кўра, жорий йил охиригача амалга оширилиши белгиланган яна бир муҳим вазифа мактаблар ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдончаларини ташкил этиш ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини жорий этишдир.
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар эндиликда "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаблари деб юртилишида чуқур маъно-мазмун мужассам. Чунки, мазкур илм даргоҳларида таълим олаётган ўқувчилар давлатимиз эътибори ва кўмаги орқали ҳаётларига нур олиб киради, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун яратилган барча имкониятлардан унумли фойдаланиб, қизиққан соҳалари бўйича касб танлаш имкониятига эга бўладилар.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқори номи таъкидланган қарорида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар юртимизда имконияти чекланган фуқароларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг муҳим амалий ифодаси бўлди.
Ўктам Сулаймонов,
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари.