Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Навбаҳор туманида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбирлар ташкил этилди.
Дастлаб партия вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Н. Содиқова, партиянинг туман кенгаши раиси М. Шодиев, «Ал Азиз ипаги» МЧЖ раиси Ж. Ражабова ва «Навкар» МФЙ раис ўринбосари Ф. Адизова томонидан ҳудуддаги аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида қилинаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари Сайёра Набиеванинг хонадонига боришди. Опа 10 йилдан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келмоқда. У шу орқали келинлари, қўшнилари ва маҳалладаги ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу йилги пила етиштириш мавсуми аввалгиларидан анча фарқли ўтмоқда. Соҳада инновацион янгилик, замонавий технологияларнинг технологияларнинг жорий этилиши ҳисобига бир йилда тўрт мартагача ипак қуртини парваришлаш ва пилла етиштириш тизими йўлга қўйилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари якка-ёлғиз яшовчи, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган Анор буви Назарова хонадонида бўлиб, у киши билан дилдан суҳбатлашишди.
Тадбир ташкилотчилари ёш тадбиркор аёл Д. Рўзиева томонидан янги ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишдилар. Цехда ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашиш жараёнида партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифалари хусусида маълумотлар берилди. Натижада у ерда ишлаётган тикувчилар партиямизга аъзо бўлишди. Шунингдек, Гулчирой Шарофова томонидан ташкил этилган қандолатчилик цехи фаолияти, хотин-қизларнинг иш жараёни билан яқиндан танишилди.
Тадбир сўнггида 30 йилдан буён пиллачилик билан шуғулланиб келаётган Манзура Амонова хонадонига ташриф буюрилди. Ҳовлида парвариш қилинаётган ипак қуртининг инкубация жараёни ўрганилди. Партиянинг тарғиботи билан ипак қурти парваришлаш истагини билдирган тўрт нафар аёллар ушбу хонадонга келишди. Улар билан агроном суҳбатлашиб, парвариш қилиш жараёнида нималарга эътибор бериш лозимлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди. Мутахассис тавсияси билан уларнинг ҳар бирига 1 қутидан ипак қурти, мой, ун ва бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Хуршида Нарзиева,
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.