Жамоат хавфсизлиги янада самарали таъминланади

 

“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонунда Миллий гвардия мамлакатимиз Қуролли Кучлари қўшинларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус тури экани, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш каби бир қатор вазифаларни бажариши белгилаб қўйилган.

Албатта, у зиммасидаги вазифаларни бажариши учун қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган ваколатларга эга бўлиши лозим. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида Миллий гвардияга бир қатор ваколатлар бериш кўзда тутилган. Яъни, Миллий гвардия органлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддалари, жумладан, 187-моддасининг биринчи қисми (жамоат жойларида алкоголь махсулотини истеъмол қилиш), 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 188-2-моддаси (вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш) ҳамда 192-моддаси (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) бўйича ҳуқубузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга ҳақли экани белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилиши кўзда тутилган мазкур ўзгартишлар Миллий гвардия ходимларига жамоат хавфсизлигини, фуқаролар осойишталигини янада самарали таъминлаш имконини бериш мақсадида киритилмоқда. Жамоат хавфсизлиги, сизу бизнинг кўча кўйда эмин-эркин юришимиз, фарзандларимизнинг боғча, мактаб, олийгоҳларга бехавотир бориб келишлари, нуронийларимизнинг маҳалла, гўзарларда бемалол ҳордиқ чиқаришлари, жамиятда юриш-туриш, ўзини тутиш қоидаларига амал қилиш деганидир. Бироқ, кўча-кўйда кўпчиликнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатадиган, асабини бузадиган хатти-ҳаракатларга ҳам дуч келамиз. Табиийки, бундай ҳаракатларни содир этган фуқароларга нисбатан тегишли чора кўрилиши лозим.

Жамоат хавфсизлигига масъул бўлган Миллий гвардияга шу маънода юқоридаги каби ваколатларнинг берилишига хавотир билан қарашга, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари чекланишига сабаб бўлади, деб тушунишга ҳеч бир асос йўқ, деб ўйлаймиз. Аксинча, қонунчиликка киритилаётган юқоридаги ўзгартишлар жамоат хавфсизилигини янада самарали таъминлашга, жамоат хавфсизлигига путур етказадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Асосийси, ҳар бир фуқаро қонунларни ҳурмат қилиши ва уларга сўзсиз амал қилиши шарт.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш