Депутат муаммоларни кузатувчи эмас, ҳал қилувчи кучга айланиши керак

    Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда меҳнатга, ўз ҳаётини яхшилашга, ташаббускорлик ва тадбиркорликка рағбат уйғотишнинг аҳамияти катта. Тараққиёт стратегияси асосидаги маҳаллабай ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири ҳам халқимизнинг яратувчанлик кайфиятини кўтариш, жамиятимизда ижтимоий бирдамликни кучайтиришдан иборат, албатта.

    Давлатимиз раҳбари раислигида “маҳаллабай” ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган таҳлиллар, танқидий фикрлар ва белгиланган устувор вазифалар ҳаммамизни чуқур мушоҳада юритиб, масъулият билан хулоса чиқаришга ундади.

    Тўғри, йўқдан бор қиладиган, таваккалчилик асосида иш юритадиган тадбиркор бўлиш учун ҳам ўзига хос истеъдод, қобилият керак. Ҳамма ҳам тадбиркор бўлиб кетавермайди. Бироқ инсонга қўлидан келадиган ишига шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш бандлик ва камбағалликни қисқартиришда ижобий самара бериши шубҳасиз. Буни Хитой, Малайзия каби давлатлар тажрибаси мисолида яққол кўриш мумкин.

    Мамлакатимизда ишсизликни қисқартиришда ўзини ўзи банд қилиш, томорқадан унумли фойдаланиш, олис ва чекка ҳудудларда ҳам хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Ҳудудларга ислоҳотлар жараёни билан танишиш мақсадида борганимизда, чекка қишлоқларда касаначилик, ҳунармандлик ёки кафтдек ҳовлисида зироатчилик қилиш ортидан рўзғорига қут-барака киритаётган юртдошларимизни кўриб, қувонасан киши. Ахир, ўз уйида, оиласи бағрида ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратишга нима етсин...

    Бундай ҳаракатлар давлатимиз томонидан доимий равишда қўллабқувватланмоқда, имтиёзлар, қулайликлар яратилмоқда. Бу борада “маҳаллабай” ишлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган ҳамда бу тизим самараси амалда ўз исботини топяпти. Хусусан, ўтган 3 ой давомида 736 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди, 54 минг юртдошимиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди. Натижада ҳудудларда 47 мингта янги тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳаси ишга туширилди, 2,5 мингта корхона қуввати тикланди ва оширилди.

    Бироқ мазкур йўналишда камчилик ва муаммолар, айрим жойларда “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича давлат сиёсатини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд. Жумладан, 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида ҳанузгача натижа кўрингани йўқ. Бу эса ўша маҳаллаларда аҳвол эски ҳаммом, эски тослигидан, жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишлар етиб бормаганидан далолат беради. Айниқса, катта умид билдирилган ҳоким ёрдамчиларидан айримлари таъмагирлик, порахўрлик билан шуғулланаётгани кескин танқид қилинди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда бундай маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди. Берилган топшириққа кўра, 434 та маҳаллада суғориш тизими ва сув таъминоти яхшиланади, 715 та маҳаллада сув, йўл, электр, табиий газ билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади. Уларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорлик кредитлари учун 800 миллиард сўм ажратилади.

    Бундан ташқари, жорий йилда 250 та оғир маҳалладаги 165 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган 2,5 мингта маҳалланинг камида 1,5 мингтасига инкубатор, ҳар бир вилоятда камида 20 мингта хонадонга 20-100 тадан хонаки товуқ ҳамда 1000 тагача маҳаллада 5-10 та хонадонга асалари уяси тарқатилади. Бу чора-тадбирлар орқали биринчи ярим йилликда 140 минг аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

    Хотин-қизлар, ногиронлиги бор аҳолини иш билан таъминлашда яхши имконият бўлган касаначиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастуридан 500 миллиард сўм йўналтирилади ва бунда бир қатор имтиёз, енгилликлар татбиқ этилади. Касаначилар эса ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконига эга бўлади. Олис ҳудудларда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади. Натижада биргина ушбу йўналишда жорий йил якунига қадар 100 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.

    Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар, белгиланган вазифаларнинг аксарияти бевосита аҳоли ижтимоий муаммоларини ҳал этишга қаратилгани, бунга қўшимча маблағлар йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

    “Маҳаллабай” ишлаш тизими, бандликни таъминлаш ишлари самара бериши аҳолининг турмуши ва кайфиятига катта ижобий таъсир кўрсатади. Бундай муҳим масалада мутасадди ташкилотлар билан бирга вакиллик ҳокимияти, халқ депутатлари кенгашларидаги 6 мингга яқин депутат, парламент аъзолари қатъият ва талабчанлик кўрсатиши талаб этилади.

    Депутатлар сайлов округида доим шу йўналишдаги мурожаатларни ҳал этиш, ўрганиш ва мониторинг қилиш билан шуғулланади. Муайян натижалар ҳам йўқ эмас. Лекин тан олиш керакки, бу борадаги фаолиятимизда тизимлилик, натижадорлик ҳозирги талаб даражасида сезилмаяпти.

    Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар вакили бўлса, ҳар бир маҳаллада депутат ҳам бор. Улар бирдам, эзгу мақсад йўлида ҳамфикр бўлса, маҳалладаги аксарият муаммолар, мурожаатлар ўша жойнинг ўзида самарали ҳал этилади. Йиғилишда бир қанча маҳаллаларда натижалар сезилмаётгани асосли танқид қилинди.

    Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳудудлардаги ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ичидан билмас экан, уларни жойлардаги муаммоларни ҳал этадиган тизимга айлантириш мақсадига эришиш қийин бўлади. Маҳаллалардаги тадбиркорлик, бандлик, хизмат кўрсатиш йўналишларидаги реал вазиятни билмайдиган депутатлар ижро ҳокимияти фаолияти бўйича самарали назорат ўрната олмайди.

    Демак, “маҳаллабай” ишлаш тизими, бандликни таъминлаш, иш ўринлари яратилиши масалаларида катта масъулият халқ депутатлари кенгашлари ва албатта, парламент зиммасида ҳам турибди.

    Қатъий хулоса шуки, бу борадаги фаолиятимизни Президентимиз таҳлиллари, танқидий фикрлари, белгиланган устувор вазифалар асосида қайта кўриб чиқишимиз зарур. Ҳар бир депутат, халқ вакили долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганувчи, кузатувчи эмас, аксинча, масъулиятни зиммасига олиб, жараённинг ичида юрадиган фидойига айланиши муҳим. Халқимиз, сайловчиларимиз бизга ишониб овоз берган экан, бу ишончни оқлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

← Рўйхатга қайтиш