Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган оналарга ижтимоий тўлов жорий этилмоқда

 

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди платформасида, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган.

2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 млн нафарни ташкил қилган. Бугунги кунда юртимизда 760 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, улар аҳолининг 2,2 фоизини ташкил этади. Шундан 129 мингдан зиёди ёки ёшларнинг 17,1 фоизини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ногиронлиги бўлган болалар учун 22 та интернат уйи, 13 та кўзи ожизлар мактаби, 16 та кар ва сақовлар мактаби ҳамда 4 та ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган коллеж фаолият кўрсатмоқда.

Давлатимиз томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2020 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси Ўзбекистонда 2021 йил 28 июлдан кучга кирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинди.

Буларнинг натижасида болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор бўлган оналарга ҳам улар умумий пенсия ёши (55 ёш)га етганларида ва зарур иш стажига эга бўлмасалар нафақа тайинлаш ҳуқуқи тақдим этилди.

2019 йилнинг март ойидан бошлаб Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 3 мингга яқин болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ушбу нафақалар тайинланган бўлиб, ўтган давр мобайнида ушбу мақсадлар учун Давлат бюджети маблағлар ажратиб келинмоқда.

Қайд этиш керак, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилди.

Ногиронлиги бўлган ёшларга барча даражада сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, 2022 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони 14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади.

Имконияти чекланган фуқаролар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол қатнашиши учун “тўсиқсиз муҳит”, яъни, қулай шароит яратилади. Жумладан, янги барпо этиладиган давлат идоралари бинолари, ижтимоий объектлар, боғ ва парклар, жамоат транспортида махсус инфратузилма яратиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш бўйича чоралар кўрилади, улар учун махсус ахборот порталлари, телекўрсатувлар, адабиётлар ва кутубхоналар сони кўпайтирилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидия ва имтиёзли кредитлар берилади.

Юқоридаги каби чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 17 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қўввватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан, Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларини жорий этилди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача ўзгалар парваришига муҳтож болалар парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилди. Бу эса ўз навбатида партиянинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифани ижроси таъминланганлиги билан ҳам қувонарлидир.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилди.

Шунинг билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар орасида уларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган энг яхши ижтимоий лойиҳаларни рағбатлантириб бориш мақсадида, 2022 йилдан бошлаб қуйидаги номинациялар бўйича республика танловлари ташкил этилади. Булар:

— Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ташкил этиладиган «Энг яхши ижтимоий лойиҳа»;

— Савдо-саноат палатаси томонидан — «Энг яхши тадбиркор»;

— Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан – «Энг яхши талаба»;

— Туризм ва спорт вазирлиги томонидан — «Энг яхши спортчи»;

— Маданият вазирлиги томонидан — «Энг яхши китобхон» ҳамда

— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан — «Энг яхши иш берувчи» танловларидир.

Бунда, танлов натижалари ҳар йили «3 декабрь — Xалқаро ногиронлар куни» арафасида эълон қилинади ҳамда танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бу эса ўз навбатида, давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги ғамхўрлигининг аниқ амалий ифодасидир.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш