Йўлларда ҳаракат хавфсизлиги ҳар бир иштирокчининг қоидаларга амал қилишига боғлиқ

 

Бугунги кунда транспорт воситалар сони сезиларли тарзда ортиб, йўлларда ҳаракат иштирокчилари оқими ҳам кўпайиб бормоқда. Мазкур жараён ўз ўрнида ҳаракат иштирокчилари учун катта масъулият ҳам юклайди.

Назаримда бугун шаҳар пиёдалар учун хавфли бўлиб бормоқда. Сабаби эса аниқ, айрим ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги, бошқа ҳаракат иштирокчиларини ҳурмат қилмаслигидир. Кўпчилик ҳайдовчиларнинг бир неча дақиқалик тирбандликларда ўзини тутолмаслиги, имкон қадар қоидаларни четлаб ўтишга интилиши, пиёдалар йўлакчаси ва ҳатто қарама-қарши йўлдан ҳаракатланишга ўринишлари учраб турибди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун йўл ҳаракати қоидалари соҳасида жавобгарликни янада кўчайтириш зарур. Дунё амалиётига назар ташланса, тезликни ошириш, маст ҳолатда транспорт бошқариш ҳамда қизил чироққа бўйсунмаслик каби жиддий қоидабузарликларга жуда муросасиз ва қатъий жазолар қўлланилар экан.

Бизда ҳам жуда жиддий оқибатларга олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга қатъий ва кескин жазо чораларини қўллаш лозим.

Яна бир масала. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва мулкини асраш борасида йўл патрул хизмати ходимларининг катта ҳиссаси бор. Уларнинг вазифаси, бурчи шу. Яъни, сизу бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш. Шундай экан, уларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш, қўпол муомалада бўлишни асло оқлаб бўлмайди. Қолаверса, будай ҳаракатлар учун қонунчиликда жавобгарлик кўзда тутилган.

Ҳар биримиз кўчага чиққанда белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилсак, бир-биримизга тарбиямизни, маданиятимизни кўрсатсак ўйлаймизки, кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олган бўламиз.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш