Саломатлигимизни асраш ўз қўлимизда

 

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзга чиққан Президентимиз сўнгги йилларда жиддий эътибор қаратилаётган соғлом турмуш тарзи масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди.

Тан олиш керак, аҳолимизни қийнаётган жуддий муаммолар ва одатлар ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, кам ҳарактлилик. Булар билан жиддий курашадиган пайт келди.

Давлатимиз раҳбарининг “Қашқадарёликлар гўштни яхши кўришади. Энди қашқадарёликлар тандир ва жизни кўпроқ меҳмонларга бериб, ўзлари кўкатлар ва бошқа фойдали маҳсулотлар истеъмолига эътибор қаратсалар, жуда яхши бўларди" деган фикрини шифокор ҳамда спорт фахрийси сифатида қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистон врачлар ассоциясининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси сифатида кузатишларимиз натижасида кўпгина касалликлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, буларга ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш ҳамда кам ҳаракатлилик сабаб бўлмоқда. Одамларимиз орасида ҳали ҳам овқатланиш рационига риоя қилмайдиганлар учраб турибди. Тиббиёт ходимларининг тажрибасидан маълум бўлдики, катта ёшдаги эркаклар ва аёлларда ортиқча вазн ва қон босими ошиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Уларда қандли диабет, юрак-қон томири касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғим касалликлари аниқланмоқда.

Эътиборлиси, юртимизда аҳолининг соғлом овқатланиши, оммавий спорт билан банд бўлиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиши учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, Президентимизнинг юқорида айтиб ўтган фикрлари биз тиббиёт ходимларига катта маъсулият юклайди. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам равишда соғлом турмуш тарзига риоя этиш борасидаги оммавий "Соғлом оила - соғлом жамият" лойиҳаси доираидаги тадбирларни вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида мунтазам ўтказишни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Соғлом турмуш тарзини қарор топиши, жумладан фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Мухтасар айтганда, соғлом турмуш тарзи – саломатлик гаровидир.

 

Холиёр Қодиров,

Ўзбекистон врачлар ассоциясининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси,

кураш бўйича икки марта Ўзбекистон чемпиони,

Ўзбекистон ХДП фаоли.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш