Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилмоқда

 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, Фуқаролик ҳамда Ер кодекслари каби бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва тузатишлар киритилиши кўзда тутилган.

Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасини «Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилади» тарзида тўлдириш таклиф этилмоқда.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддаси тўртинчи қисми «Деҳқон хўжалигининг ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг (ижара ҳуқуқи бундан мустасно) бозор қиймати, дов-дарахтларнинг, бузилаётган бинолар ва иншоотларнинг бозор қиймати қоплангандан кейин ёхуд улар бошқа жойга кўчирилгандан ёки ўзга бинолар ва иншоотлар қурилгандан кейин ҳамда бошқа барча зарарларнинг (бой берилган фойдани қўшган ҳолда) ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тўла ҳажмда қоплангандан кейин йўл қўйилади», деб таҳрир этиш кўзда тутиляпти.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси тўртинчи қисмдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимларининг» деган сўзлар «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашининг» деган сўзлар билан алмаштириш орқали ҳокимларнинг ер муносабатлари соҳасида яна бир ваколатлари бекор қилиниб, бу масалани кўриб чиқиш маҳаллий кенгашларга берилмоқда.

Қиғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасига электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирилди.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекисон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш