Сайловда фаол иштирок этиш катта масъулиятдир

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Хотин-қизларнинг сайлов жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Сўзга чиққанлар давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда хотин-қизлар иштирокини кучайтириш муҳим масала эканини таъкидлаб ўтишди. Шу боис сайлов жараёнининг барча босқичидан сайловчиларни кенг хабардор қилиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, шу жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш энг муҳим вазифадир. Бу эса уларнинг сайлов куни ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифодалашини таъминлайди, дейишди сўзга чиққанлар.

Халқ демократик партияси фаоллари шуни алоҳида қайд этишдики,  сайловда депутатликка аёл номзодлар кўрсатиш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Жойларда хотин-қизлар билан ўтказилаётган тадбирларда сайлов қонунчилиги кенг тушунтирилмоқда. Шунингдек, депутатликка номзоди кўрсатиладиган аёллар билан ишлаш, уларни сайловолди рақобат жараёнларига тайёрлаш, сайловчилар билан учрашувларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда сайловолди дастурларни пухта ва мукаммал ишлаб чиқиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, сайловларда иштирок этадиган партиянинг кузатувчиси ва ваколатли вакилларини тайинлашда ҳам фаол аёлларни кенг жалб этиш, уларнинг бу борадаги вазифалари бўйича тушунтириш ишлари кенг кўламда ташкил этилди.

Тадбирда билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги изчил ошиб бормоқда. Бўлажак сайловлар буни яна бир бор намоён этади, дейишга тўла асос бор.

 

Хуршида НАРЗИЕВА,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш