Президентимиз мамлакатимизнинг қайси гўшасига ташриф буюрмасин, одамларни рози қилиш, уларнинг ҳаётини яхшилаш ҳақида қайғуради. Ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, аёллар оғирини енгил қилиш, аҳолини сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, умуман, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ечиш йўлларини кўрсатиб беради.
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ҳам вилоятни ривожлантириш, одамларга қулайликлар яратиш масаласи диққат марказда бўлди. Президентимиз воҳага сафари чоғида кластер ва саноат корхоналарида, фермер хўжалиги далаларида бўлиб, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалардаги ўзгаришлар билан танишди.
Қашқадарё вилоятига ташриф айнан Кўкдала туманидан бошлангани бежиз эмас. Чунки бу маъмурий бирликни ташкил этиш ғояси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди. Олий Мажлис Сенатининг шу йил 17 мартдаги қарорига мувофиқ, аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида Чироқчи туманининг бир қисмида Кўкдала тумани ташкил этилди.
Ушбу туман ташкил этилганига ҳали кўп бўлмади. Лекин қисқа вақт ичида ҳудудда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Таъбир жоиз бўлса, Кўкдалага янги ҳаёт кириб келди. Хусусан, “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши билан 500 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланди.
Туман ҳудуди 171 минг гектар бўлиб, 32 та маҳалладан иборат. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади.
Илгари одамлар Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатда борар эди. Кўкдала туманини ташкил этилиши бу ерда яшайдиган аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Айтиш мумкинки, айни мақсадда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилаётгани, жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилиши маҳаллий аҳоли оғини енгил қилади.
Қашқадарёнинг мамлакатмиз қишлоқ хўжалигида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари Косон туманидаги “Косон” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди. 82 гектар майдонга эга хўжалик асосан шу экинларга ихтисослашган.
Ўтган йили пахтадан 41, ғалладан 70 центнердан ошириб ҳосил олинган. Даромад ҳам шунга яраша яхши бўлган – ўтган йили 357 миллион сўм даромад топилган. Бунинг эвазига хўжаликка техникалар харид қилиниб, сув тежовчи технологиялар ўрнатилган. Фермер хўжалигида пахта ва ғалла далалари атрофига ток, тут ва ошқовоқ экилган.
Президентимиз бу тажрибани кенгайтириб, барча кластер ва фермер хўжаликлари даласи атрофидаги бўш жойларда мева-сабзавотлар етиштириш зарурлигини таъкидлади. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби ҳозирги шароитда бу каби тажрибаларни кенг йўлга қўйиш юртимиз тўкинчилигининг гарови бўлиб хизмат қилади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг воҳага бу галги сафари, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топаётган ҳудуд тараққиётига янада жўшқинлик бағишлади, десам муболаға эмас. Шундай экан, белгиланган вазифалар ижросини сифатли ва юқори савияда таъминлашда биз депутатлар янада фаол бўлишимиз лозим.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.