Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотлар, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида муҳим аҳамият касб этяпти. Шу боис кейинги йилларда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу, ўз навбатида, соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янада юқори даражага кўтариш, аҳолининг барча қатламларини тиббий хизмат билан қамраб олиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.
Мазкур ҳужжат билан, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Хусусан, қарорга мувофиқ, жорий йилда 136 та янги оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса ҳудудларда бирламчи-тиббий хизмат қамровини янада кенгайтиради.
Шунингдек, ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилиб, уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади.
2022 йил 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Бу ўз навбатида маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда муҳим ҳисобланади.
“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланди. Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинадиган бўлди. Буларнинг барчаси тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг бирламчи тизимини ривожлантириш, минглаб юртдошларимизга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш чоралари кўрилаётгани халқимизни тезкор ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганидан далолат бермоқда.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.