Касаначилик меҳнат шартномалари асосида ёлланиб ўз уйида ишлаши, яшаш жойида ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш билан шуғулланиш ҳисобланади. Бу фаолият турида махсус ташкилот ва корхоналар билан келишув, шартнома асосида буюртмалар бажарилади. Касаначиликда меҳнат фаолияти тўла бўлмаган иш куни турига киради.
Оиладан, уй ишидан ажрлган ҳолда корхона, ташкилотларда ишлаш имконияти бўлмаганлар ва ёрдамчи даромадга муҳтож шахслар учун касаначилик жуда қулай ҳисобланади. Касаначилик ўзига хос меҳнат фаолиятини ташкил этишни талаб этади. Хомашё, материалларни етказиб бериш, тайёр маҳсулотларни олиб кетиш, ҳисоб-китобнинг белгиланган амалга оширилиши унинг зарурий шартлари ҳисобланади.
Касаначи иш берувчининг материаллари ва асбобларидан фойдаланиб, ўз уйида меҳнат қилади, ўзининг меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналаридан фойдаланган тақдирда уларнинг эскириш харажатлари иш берувчи томонидан компенсация қилиниши лозим. Касаначилик бўйича меҳнат шартномалари асосан, вояга етмаган болалари бўлган аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган ёки бошқа бемор оила аъзоларини парвариш қилаётган шахслар, мавсумий ишларда банд бўлган, тегишли меҳнат мажбуриятларини уйда адо этиш учун зарур уй-жой ва маиший шароитга эга бўлган шахслар билан тузилиши мумкин.
Касаначилик айниқса, қишлоқ жойларда уй-рўзғор ишлари, бола тарбияси билан банд бўлган ва қўшимча даромадга муҳтож аёллар учун жуда қулай фаолият туридир. Шунинг билан бирга, бу фаолиятга ногиронлиги бўлган шахслар ҳам жалб этилиши мумкин. Касаначилик ҳунармандчиликни ривожлантириш ва оиладаги ёшларни шогирдликка жалб этишда ҳам қўл келади.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 21 апрелдаги “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори касаначиликни ташкил этган тадбиркорга ва касаначилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга бир қатор енгиллик ва имтиёзлар бериш кўзда тутилгани, бандлиги таъминланмаган аҳоли қатлами, айниқса, аёллар ва ёшлар учун имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан касаначиликни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан, пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади. Ушбу муддатдан 2025 йил 1 январгача касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади. Касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан касаначилар сони камида 10 нафар бўлган тадбиркорларга кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорида субсидия ажратилади.
Шунингдек, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари портали ишга туширилади. Бу ҳам албатта иш излаётганларга анча қулайликларни яратишга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, қарор касаначилик фаолиятини янада ривожлантириш, бунинг ортидан бандликни, айниқса, қишлоқ ҳудудларда яшовчи аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.