Мамлакатимизда аёлларнинг иқтидорларини намоён қилиши, қобилиятига яраша ишлаши учун барча шароитлар яратилган. Имкониятлардан фойдаланиш даражаси эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Агар аёл ўзини нафақат аёл, балки инсон сифатида жамиятдаги ўрнини англаса, унга табиат ато этган қобилиятни тўғри йўналтира олса, фақат оила қуришни эмас, балки ҳалол меҳнати билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини ҳаётининг мақсади деб билса, бу аёл албатта ўз ҳаётидан қаноатлана олади, рози бўлиб яшайди.
Бугунги ўзбек аёли ким: бошқарувчими ё буйсунувчи, эргашувчими ё эргаштирувчи? Замонавий ўзбек аёли портретини қандай чизгилар билан бойитиш мумкин?
Бизнингча, замонавий ўзбек аёли асосий ишидан, оиласи, фарзандлари тарбиясидан ортиб янги Ўзбекистон қурилишида фаол қатнаша оладиган, умумманфаати учун нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам ҳаракатга келтира оладиган, уларни илҳомлантира оладиган аёллардир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, парламент, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти институтлари хотин-қизларнинг ривожланиши ва имкониятларини кенгайтиришга, малакали хотин-қиз кадрлар тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурларини амалга оширишда Ёшлар иттифоқи, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг етакчилик фазилатларини мунтазам равишда яхшилаш ва фаоллаштириш, салоҳиятини кучайтириш ва мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида иштирок этишлари ва турли соҳаларда ўзини-ўзи англашлари учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институларининг иштирокни янада кенгайтириш ва бу борада амалга ошириладиган ишлар механизмлари кўрсатиб берилди.
Маълумотларга кўра, республика миқёсида жами 9 027 нафар нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритиб келаётган бўлса, улардан 2267 нафарига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда хотин-қизларини эъзозлаш, жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда хотин-қизлар манфаатини ифодаловчи қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан. Шунинг билан бирга, аёлларга кўплаб ижтимоий имтиёзлар жорий қилинди. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли аёлларимиз бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг, давлат ва жамиятда кечаётган ҳаётбахш ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Бугун республикада гендер тенглик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Халқаро ташкилотлар кўмагида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича турли дастурлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда мамлакатимизда 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда бошқарувда хотин-қизлар сонини кўпайтириш, гендер номутаносиблигини камайтириш, таълим олишга имконият яратиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қарши курашиш ҳамда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишнинг аниқ мақсад ва манзилларини тизимли чоралар билан белгилаб беради. Жумладан, давлат органларида, нодавлат ва хусусий ташкилотларда, айниқса, қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ юқори лавозимларда аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлаш сиёсатини такомиллаштириш, жамоатчилик онгида эркаклар ва аёлларнинг ўрни ҳақидаги тушунчаларни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш каби масалалар икки тоифа вакилларининг ҳуқуқларини тенглаштириб, ғурурларини юксалтиради.
Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ташкил этилди ҳамда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш масалалари кўзда тутилган Миллий дастур тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан жорий йилда хотин-қизларни касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда уларнинг муаммолари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларига 17,1 миллиард сўм миқдоридаги грант ажратилганлиги, жойларда мазкур маблағлардан самарали фойдаланиш масалаларида нодавлат нотижорат ташкилотларида фаолият олиб бораётган фаол хотин-қизларимиз зиммасига катта масъулият юклайди.
Бугунги кунда, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқори. Шундай экан, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли катта. Бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз фикр-мулоҳазаларимизни эмин-эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.
Асл моҳиятига кўра, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида туб ижобий ўзгаришларни амалга ошириш йўлидаги аниқ мақсад ва вазифаларда, уларни рўёбга чиқаришда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллиги, ташаббускорлиги муҳимдир.
Аёл қадрини қанчалик юқорига кўтаришга муяссар бўлсак, миллий ғуруримиз, маънавият ва маданиятимиз янада юксалиши, оилаларимиз барқарорлиги таъминланиши, ҳалол ва пок, фидойи, ватанпарвар, жамиятга фойда келтирувчи, миллатимизни бутун жаҳонда кўз-кўз қилувчи фарзандларимиз сони кундан-кунга кўпая бориши табиий ҳолдир. Зеро, ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлиши чин ҳақиқатдир ва биз қураётган жамиятнинг оғир юкини дадил кўтариб, унинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч – жамиятимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро, шу жумладан, хотин-қизлар эканлигини унутмаслигимиз керак. Айнан шу мақсадларда маҳаллаларда хотин-қизларнинг фаоли лавозими жорий қилинмоқда, корхона, ташкилот ва идораларда аёллар кенгашларининг тизими қайта тикланмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда фаол аёллар сафини кенгайтириш учун ўзбек аёллари таълим-тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман. Ўқимаган аёллар гуллаб-яшнамайди, ривожланмайди, улар кундалик ва ибтидоий муаммолар орасига сингиб кетиши мумкин. Афсуски, ўзбек қизларининг ўзларига ишонмасликлари – энг катта камчиликлардан бири. Шунинг билан бирга, қизларнинг таълим олиши заруратини янада кучайтириш зарур. Рақамларга қарайдиган бўлсак, олий таълимда таҳсил оладиган қизлар жуда ҳам кам. Айниқса, қишлоқларимизда “ўқиб олим бўлармидинг?” деб, эрта турмушга бериб юборилади. Агар уларнинг оилавий турмуши ўхшамаса, ажрашса, қизлар аҳолининг энг камбағал қатламига айланиб қолади. Шунинг учун болаликнинг илк давридан қиз ҳам, ўғил ҳам бирдек яхши таълим олса, қиз болага қанақа бўлса ҳам ҳунар ўрганиши кераклиги уқтирилса, бу жамият учун фойдали бўлади. Зеро шарқ мақолларида “ўғлингни ўқитиб, эркакни тарбиялайсан, қизингни ўқитиб, бутун миллатни тарбиялайсан” деб бежизга айтилмаган.
Агар биз қизларни тарбияламасак, уларга олий таълим бермасак, улардан ўз соҳасини ривожлантира оладиган мутахассислар чиқмаса, биз излаётган лидер аёллар қаердан пайдо бўлади?
Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, аёл лидерлар раҳбар сифатида, она сифатида, аёл сифатида дунёни ўзгартиришга қодир. Зотан, мутафаккирлардан бири айтганидай, ер юзидаги жамики нарса аёл яратган асарлардир.
Дилбар Мамаджонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.