Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Таъкидлаш керакки, аёллар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ва бўлажак оналарнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бирламчи тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхона”лари, қизлар саломатлиги бўлимлари ташкил этилган. Аҳолини профилактик кўрик, тизимли патронаж билан қамраб олиш ва репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чоралар ўз натижасини бермоқда.
Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, айниқса, ижтимоий хавфи бор касалликларни даволаш ва олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Бу борада кейинги беш йил давомида амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат оналик ва болаликни тизимли равишда муҳофаза қилиш имконини яратди, натижада оналар ва гўдаклар ўлимининг камайишига эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурларини амалиётга жорий этишга қаратилган ишларни юқори босқичга олиб чиқади.
Хусусан, қарор билан 2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, 2023 йилда Нукус шаҳрида «Болалар тиббиёт кластери» ташкил этилади. Унинг таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва Болалар стоматология поликлиникаси киритилиб, ягона бошқарув йўлга қўйилади.
Шунинг билан бирга, 2022-2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказлар тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланади. Перинатал марказларда 6 ўриндан кам бўлмаган чақалоқлар реанимацияси бўлимлари очилади.
2022 йил 1 майдан бошлаб, поликлиникаларда педиатрия йўналиши бўйича барча тор соҳа мутахассислари, мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсатиш учун шифокор-педиатрлар, болалар шифокор-гинекологи, тегишли ўрта тиббиёт ходимлари, вакцинация хонаси ходимлари, «тиббиёт бригадалари»даги педиатрия ҳамширалари фаолият юритадиган болалар бўлимлари иш бошлайди. Бунда, поликлиникалар томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 1 июлдан бошлаб «тиббиёт бригадалари» таркибига қўшимча 3600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Ҳудудлардаги перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022−2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолияти йўлга қўйилади. Уни жорий этишда қўшимча навбатчилик постлари ташкил этилади.
Кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва ҳудудлардаги барча туғуруқ комплексларида янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирлари жорий этилади. Шунингдек, 2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.
Айтиш керакки, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлиги янада ошириш, соғлом ва ақл-заковатли баркамол авлодни вояга етказиш жамиятнинг мақсад-муддаосидир.
Шундай экан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш бугуннинг долзарб вазифалари сирасига киради. Бир сўз билан айтганда, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук авлодгина Ватан тақдирига дахлдорлик масъулиятини ҳис этиб, келажаги буюк давлат барпо этишга қодир бўлади.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.