ЎзХДП депутатлик назоратини кучайтириш бўйича вертикал тизим жорий этмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг V пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Пленумда партия дастурининг ижроси ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда партиянинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Тараққиёт стратегияси инсон қадрини улуғловчи, унинг устувор ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кафолатловчи стратегик ҳужжат эканини, унда халқимизнинг турмушини янги даражага олиб чиқиш, долзарб ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш бўйича эзгу мақсадлар белгилаб берилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг манфаатларини тўлиқ ифодаламоқда. Шунинг учун, Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга мўлжалланган Давлат дастури ижросида фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.

Таҳлиллар партия Сайловолди дастурида аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий ҳимояси бўйича белгиланган кўплаб масалалар кейинги йилларда изчил ислоҳотлар натижасида рўёбга чиқаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, ўтган икки йил ичида партия учун муҳим бўлган 21 та масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари орқали ўз ечимини топган. Пленумда мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши бўйича парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш, бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги барча партия гуруҳлари, 1600 нафарга яқин депутатларнинг масъулияти ва талабчанлигини ошириш талаб этилади.

Сўзга чиққанлар кейинги йилларда парламент даражасида тизимли йўлга қўйилаётган депутатлик назорати тажрибаларини халқ депутатлари вилоят, ундан кейинги босқичда туман (шаҳар) Кенгашлари амалиётига жалб этиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашишни доимий йўлга қўйиш, шу орқали парламент, депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини маҳаллалар даражасига етказиб бориш бўйича таклифлар билдирди.

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида белгиланган мақсадлар тўлиқ рўёбга чиқиши, қишлоқ жойларда турмуш сифати яхшиланиши, одамларнинг кундалик ижтимоий муаммолари ҳал бўлиши Халқ демократик партиясининг сиёсий ғояларига уйғун ва ҳамоҳангдир. Шундан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш, тиббиётнинг қуйи тизимида ўзгаришларни жадаллаштириш, маҳаллалар даражасида камбағалликни қисқартириш, аҳоли эҳтиёжманд қатламининг иқтисодий фаоллигини ошириш йўналишларида депутатлик назоратини ҳар чоракда ва йил давомида олиб бориш бўйича вазифалар белгиланди. Бу борада Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб 19 та устувор йўналиш алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Пленум ўз-ўзини танқид руҳида ўтди. Жойлардаги айрим депутатлик гуруҳлари ижтимоий масалаларни ўрганиш, мутасадди ташкилотлар олдига масала қўйиш, сессиялар муҳокамасига тайёрлаб, амалий натижага эришиш масалаларида сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ҳар бир партия гуруҳининг вазифа ва муддатлари аниқ бўлган дастурларни ишлаб чиқиш кўзда тутилди. Шунингдек, “Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” ва “Менинг фикрим” порталларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва маҳаллий партия ташкилотларининг фаоллигини жиддий оширишга эътибор қаратилди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижросида фаол иштирок этиш учун партия фракциясидан бошлаб туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия гуруҳлари – маҳалладаги депутатларгача бўлган вертикал тизим бўйича ишлаш йўлга қўйилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2021 йилги бюджети ижроси ва 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, шунингдек, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Пленум Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш