Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бу соҳа орқали иқтисодиётни тараққий топтириш ва халқ фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Дунёда пандемия пайтида ўрнатилган чекловлар бирин-кетин камаяётгани туфайли туризм индустрияси изга туша бошлаяпти. Бу, туризм индустриясининг ўсишидан, меҳмонхона бизнеси учун эса рентабелликнинг тез тикланишидан дарак беради.
Туризм соҳасини мамлакатимизда миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Соҳани жадаллик билан ривожлантириш борасида кейинги йилларда 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бу борада бир қатор мамлакатлар учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши соҳани янада ривожлантиришга хисса қўшди. Хусусан, 90 та хорижий мамлакат учун визасиз режим татбиқ этилди. Шу билан бирга электрон кириш визаларини бериш тизими йўлга қўйилди.
Бугунга келиб, мамлакатда 7,4 мингдан зиёд маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерос объектлари рўйхатига киритилган. Ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, анъанавий туризм билан биргаликда бошқа туризм турларни таклиф қилиш ва ҳар бир ҳудудни туризмга ихтисослаштириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида «Имомота» туризм маҳалласи, Хонобод туманида «Афсона дам олиш маскани», Шаҳрихон туманида “Ҳунармандлар маркази» ва Андижон шаҳрида «туризм кўчаси» ташкил қилинади.
Бухоро вилоятида эса 829 та моддий-маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинди, 2022-2026 йилларда сайёҳлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари сонини 139 тадан 200 тага етказиш белгиланди. Натижада, жорий йил биринчи чоракда юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравардан зиёд туристлар келган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида соҳани ривожлантириш, айниқса, туризм инфратузилмасининг сайёҳларни қабул қилишга тайёрлик даражаси таҳлил қилинди. Шуни айтиш керакки, туризм соҳасини ривожлантиришга мамлакат миқёсида катта эътибор қаратилаётган бир вақтда жойларда маданий мерос объектларига зарар етказилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Шу билан бир қаторда 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилинган. Биргина мисол, Бухоро давлат музейида 81 та маданий бойлик қалбакиларига алмаштириб қўйилган. “Ичан-Қалъа” давлат музей фондида жами 101 та музей ашёси аслига тўғри келмайди. Ёки бўлмаса, Қорақалпоғистон, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилишга тайёр эмас. Бу ҳудудларда сайёҳлар учун меҳмонхона ўринлари етишмайди.
Сайёҳларни жалб қилишда юртимиздаги 122 та музей салоҳиятидан ҳам фойдаланилмаяпти. Уларда 2 миллион 500 мингдан ортиқ ашёлар бўлиб, шундан 112 мингтаси жаҳон тарихи ва маданияти учун ҳам ноёб ҳисобланади. Шу боисдан, ҳудудларнинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш ва ўсиш нуқталарини белгилаш зарур. Масалан, Намангандаги “Афсоналар водийси”, Бўстонлиқдаги “Амирсой” мажмуаларига кунига минглаб хорижий ва маҳаллий туристлар боради. Хорижий инвесторлар иштирокида Хонободда яна бир шундай лойиҳа бошланган. Бундай жойлар кўп ва бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарур.
Бойсунда дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири ҳисобланган Бойбулоқ, неандертал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги бўлмиш Узундара қалъаси бор. У ерда меҳмонхона, кемпинг, “дор йўли”, туристлар уйлари ташкил этиш мумкин. Бу эса ўз навбатида 500 минг сайёҳни жалб қилиш имконини беради. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан ички туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги кўрсаткични 10 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг имкониятлари ҳам белгилаб берилди.
“Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмаларини ташкил қилиш кераклиги айтилди. Юртимиздаги 4 минг 500 дан ортиқ археология ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш вазифаси қўйилди.
Сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 июлдан бошлаб, “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади. 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Silk avia” компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.
Буларнинг бари Ўзбекистонда туризм индустриясининг жадал суръатларда ўсишига туртки беради. Бу эса, халқимиз учун ҳам бирдек манфаатли.
Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.