Ёлланма ишчиларнинг ижтимоий муҳофазаси қонун йўли билан кафолатланиши зарур

 

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 85-мақсади 306-бандида норасмий ишлаётган 450 минг нафар фуқарони бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган.

Мазкур вазифа ижросини халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари ҳузурида ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда, корхона ва ташкилотларда 450 минг нафар ходим билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, уларга иш ҳақи ҳисоблаш, иш ҳақидан солиқлар ва ижтимоий тўловлар тўланишига амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳал этиш кўзда тутилган. Бу эса, яширин иқтисодиётни қисқартиришда жамоатчилик ролини оширишга, норасмий секторда банд бўлган аҳоли ўртасида ижтимоий ҳимояни таъминлаш юзасидан тарғибот ишларини олиб боришга хизмат қилади.

Қайд этиш керак, бугунги кунда Ўзбекистон қонунчилигида ёлланиб ишловчиларнинг хавфсизлиги, меҳнати муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Бу эса ёлланиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаётганини билдиради. Мисол учун, агар бирор бир шахс иш вақтида жароҳат оладиган бўлса ёки вафот этса унинг хавфсизлиги таъминланмаганлиги учун ким жавобгар бўлиши белгиланмаган. Бундан ташқари, ёлланиб ишловчи шахсларга бажарган иши учун келишилган ҳақ тўлиқ тўлаб берилмаса ёки умуман тўланмаса, улар кимга мурожаат қилиши ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатиб ўтилмаган.

Улар умумий тартибда судга мурожаат қилиб ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишидан фойдаланиши мумкин, лекин бу узоқ давом этадиган жараён ҳисобланади. Уларнинг меҳнатини эксплуатация қилган шахсларга нисбатан самарали таъсир чоралари белгиланмаган. Шунингдек, меҳнат шароити ва санитар гигиеник талаблар ҳам назорат қилинмайди ва ишга ёлловчилар қулай меҳнат шароитини яратиб бериш мажбуриятининг қонуний асослари мавжуд эмас.

Бу борада хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германия, Корея, Сингапур каби давлатларда ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ишлаб чиқилган. Лекин мазкур нормативлар асосан хорижий меҳнат мигрантлари ва ноқонуний кириб келиб меҳнат қилаётганлар ўртасидаги ҳуқуқий тафовутларни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган. Мамлакатимизда эса ички миграция, кунлик ёки муайян ишнинг натижасини топширгунга қадар бўлган оғзаки шартнома асосида меҳнат қилувчиларнинг ҳуқуқлари кафолатларини норматив тарзда белгилаб қўйиш талаб этилади.

Шунинг учун ёлланма ишчилар манфаатларини таъминлаш, йиллар давомида уларни қийнаб келган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, бандлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб олиниши лозим.

Хуллас, ёлланма ишчилар ва уларни ёлловчиларнинг муносабатларида ечимини кутаётган қийинчиликлари, муаммолар мавжуд. Ёлланма ишчиларнинг орасида марказга вилоятлардан келган, ушбу ҳудудда яшамайдиган, кимлигини сўраб-суриштириш керак бўлганлар кўп. Таклиф этилаётган иш бўйича малакаси ҳам номаълум, фақат ишига тўланадиган пул миқдори оғзаки келишиб, таваккал қилиб иш таклиф этилади. Иш ҳажми чамалаб, шартномасиз тўлов пули миқдори келишилади. Иш эгасидан шароит яратиб беришни (овқатлантириш, керакли иш қуроллари каби) талаб этади. Ёлланма ишчиларнинг бажариб берадиган ишларга талаб борлигини, уни бошқача хизмат кўрсатиш шакллари таъминлай олмаслигини инобатга олинса, уни “маданий” тартибда ташкил этиш керак.

Аввало ўрганишлар асосида ёлланма ишчилар бозорини ташкил топишини тартибга солиш бўйича аниқ бир меъёрий (ҳуқуқий) тартиб ёки ҳужжат қабул қилиниб, ушбу бозорларни тартибга солиш орқали муаммоларни бартараф этиш керак. Шаҳар ва туманларда норасмий пайдо бўлган ёлланма иш кучи бозорларини тартибга солиш учун махсус ишчи гуруҳлари тузиб, уларнинг вазифаси аниқлаштириш, ижрога тайёрлаш лозим. Масалан, ёлланма иш кучи бозори пайдо бўлган жойларга, шу туманнинг бандлик бўлими, ички ишлар бўлими вакиллари, ҳудуд МФЙ раиси, участка инспектори вақтинча шароит қилиб, кўчма-транспортда, мобил алоқалар билан таъминланиб, ҳар бир келган ёлланма ишчи билан бирма-бир суҳбат қилиб, сўраб-суриштириб чиқиш ва ҳар бири бўйича анкета (уларни касби-кори, қаердан келгани, яшаш манзили ва ҳозир қаерда турибди, телефони, қанча вақтгача ишлаши мумкинлиги, ишсизлиги сабаби, охирги иш жойи, касб ўрганишга мойиллиги каби кўрсаткичларни аниқлаштириб) тўлдирилиб, компьютер базасига киритилиши керак.

Бу ёлланма ишчиликка чиққанларнинг сони ва касби, бўйича доимий ишга жалб этиш учун маълумотга эга бўлиш имконини беради. Шунинг билан бирга, уларни касби бўйича ишга жойлаштириш, касбга ўргатиш, ўқитиш ёки доимо бозор учун энг зарур ишчи кучлари сифатида фойдаланиш мумкин. Ҳатто вилоятлар бир-бири билан боғланиб, уларни уйига қайтариш, заруриятига қараб, профессионал усталарни чақиртириб бериш имконияти яратилади. Кейин уларга келгусида меҳнат бўлимининг шу жойдаги вакилига, ёки бўлимига телефон орқали ёки бориб, аҳоли мурожаати асосида иш сўрашига шароит яратилишини тушунтириш ва шу тартибда ёлланма ишчилик жойини меҳнат бўлим, бошқармаси, ҳатто вилоятлар учун вазирликка мурожаат қилиш орқали ёрдам олиш-бериш мумкин.

Тўғри, аввалига буни ўзига яраша мураккабликлари бўлиши мумкин, лекин ёлланма ишчиларни ва аҳолини бундай янгича ишга ёллаш ва иш билан таъминлаш ўзига яраша қатъийлик ва вақтни талаб этади. Ёлланма ишчилик ташкиллаштириш учун унинг ташкилотчиларини “ишонч телефон”лари рақамлари эълон қилиниб, аҳолининг аризасига мувофиқ, ёлланма ишчиларга талаб ва таклиф бўйича маълумот бериб борилса, келгусида аҳоли (иш берувчи) уйда туриб, телефон ёки интернет орқали, меҳнат бўлимларидан хизмат кўрсатишнинг бундай ижтимоий инновацион туридан кенг фойдаланишларига имкон яратилади.

Юқорида баён этилганларга кўра, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг “Ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш лозим деб ҳисоблаймиз. Қонун билан ёлланма ишчилар муайян ҳақ эвазига ёлланиб, маълум бир ишларни бажарганлиги учун унга тўловлар тўлиқ ёки умуман амалга оширилмаганда, меҳнат шароитлари ва санитар гигиеник талабларга жавоб бермайдиган жойларда ишлаганлиги учун соғлиғига зарар етказилган ҳолларда, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни бажариш вақтида соғлиғига зарар етган, жароҳат олган ёки вафот этган ҳолларда ҳуқуқлари кафолатланади.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш