“Шалола”ликлар тиббий хизматдан мамнун

 

Ўзбекистон ХДПнинг “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида навбатда тадбир Қибрай туманининг энг чекка маҳаллаларидан бири ҳисобланган “Шалола” ҳамда “П.Қадам” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Партия Марказий Кенгаши, Тошкент вилоят Кенгаши масъуллари ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутатлари иштирокида ўтказилган тадбирда асосий эътибор ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатига қаратилди.

Дастлаб “Шалола” МФЙ ҳудудидаги 27-сонли оилавий поликлиника фаолияти билан танишилди. Бу жараёнда аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этилиши амалий ишлар билан танишилди.

Поликлиника бир нечта маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 20 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган мактаб ва боғчаларга ҳам 27-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Поликлиника барча зарур замонавий тиббий техникалар билан жиҳозланган.

Бир сўз билан айтганда, муассаса фаолиятидан одамлар рози. Бунга аҳоли вакилларининг фикридан амин бўлиш мумкин.

– Маҳалламизда барча қулайликларга эга замонавий поликлиника барпо этилганидан жудаям хурсандмиз. Аввалари оддий ҳолатларда ҳам туман ёки вилоят марказидаги шифохоналарга боришга мажбур эдик. Бу, албатта, ортиқча вақт ва ортиқча маблағ, оворагарчиликни келтириб чиқарарди. Бугун бу муаммолар ечимини топди. Бундан жудаям мамнунмиз, – дейди шифокор кўригига келган фуқаро А.Нурманова.

Яна бир эътиборли жиҳати, поликлиника зарур дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминланган. Дори-дармонларни белгиланган талаблар асосида сақлаш учун алоҳида хона ташкил этилган.

Куннинг иккинчи ярмида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг хонадонларига кирилди. Суҳбатлар давомида уларни қийнаётган муаммолари тингланди ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш масаласи фаоллар ва депутатлар томонидан назоратга олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш