Халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармонининг Деҳқонобод туманида ижро этилиши ўрганилди.
Ўрганиш давомида тумандаги 48 та маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллани “хонадонбай” ўрганиши, ушбу жараёнда аҳолининг бандлик даражасини, даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини, интилиши, эҳтиёжларини ўрганиш ва таҳлил этиш борасида амалга оширган ишлари билан танишилди. Бунда даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка йўналтириш ҳамда ўқув марказларига жалб этиш ва бандлигини таъминлашга ёрдам берилишига эътибор қаратилди.
Жумладан, “Ҳунармандлар” уюшмаси билан ҳамкорликда “Бешбулоқ” МФЙда фаолият кўрсатаётган ўқув марказида 20 нафардан ошиқ ёшларга ҳунар ўргатилмоқда. “Истиқлол” МФЙ ҳудудида эса тадбиркор ҳунарманд Ҳаловат Холназарова 10 нафардан ортиқ, “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудида Гулноз Жўраева ёшлардан 20 нафарига тадбиркорлик ва касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда. Касб-ҳунар ўрганаётганларнинг аксарияти “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролардир.
Депутатлар томонидан маҳалаларда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторида айрим муаммолар борлиги ҳам аниқланди. Мисол учун, бўш иш ўринларини аниқлаш, фермер ва деҳқон хўжаликларида мавсумий ишчиларга бўлган талабни ҳисоблаган ҳолда, уларга биринчи навбатда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни жойлаштириш ҳамда жамоат ишларига жалб этиш ишларида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Бу борада маҳаллалардаги иш билан банд бўлмаган аҳолини доимий даромад келтирувчи ишлар билан шуғулланиши учун уларга томорқасини ривожлантириш, иссиқхоналар қуриш, суғориш ишларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари харид қилиши учун амалий ёрдамлар ва субсидиялар олишига кўмаклашиш зарур.
Туманда чорвачилик ва деҳқончилик соҳаларини ривожлантиришга барча шароитлар мавжудлиги инобатга олинса, бу борада мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатишни яхшилаш юзасидан тоза уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш, деҳқонларга ерга ишлов бериш, шудгорлаш ва ўрим-йиғим мавсумида техника хизмати кўрсатиш, қишлок хўжалиги зараркунандаларига қарши кураш, экинларни минерал ўғитлар билан таъминлаш, экиш ва йиғиш мавсумида ёқилғи мойлаш материаллари таъминотини яхшилаш, суғориладиган майдонларда замонавий усуллар билан суғорма сув етишмовчилигини бартараф этиш чораларини кўриш лозим.
Бундан ташқари, туманда ишсиз фуқаролар кўплиги, ишсизлик даражаси юқорилигини ҳисобга олиб, чорвачилик ва деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар қуриш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари салмоғини ошириш, деҳқон хўжалиги ва томорқалардан самарали фойдаланиш мақсадида имтиёзли кредитлар берилиши йўлга қўйилиб, барча жабхаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни кўпайтириш таклиф этилди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашининг қарори қабул қилинди. Унда мутасадди раҳбарлар ва ташкилотларга тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида имтиёзли кредит олган ёшлар ва аёллар фаолиятини доимий ўрганиб бориш, шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун харидорлар топиш ва бир қатор вазифалар топширилди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш халқ депутатлари туман Кенгаши ва депутатлар назоратида бўлади.
Ўзбекистон ХДП Деҳқонобод туман кенгаши