Ижтимоий ҳимоянинг юксак намунаси

 

Нуронийлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат-эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатиш, саломатлигини асраш, ўгитларига амал қилиш, ёшлар маънавиятини оширишда уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш ижтимоий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга кенг эътибор қаратилиб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганларга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим яратилди.

Бу эзгу мақсадлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан хамоҳангдир. Шу нуқтаи назардан партиямиз ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида фаоллик билан иш олиб бормоқда. Жамоатчилик орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган фахрийларимиз мамлакатимизда ижтимоий бирдамликни кучайтиришда ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан ёшларга ўрнак бўлмоқда.

Партиямиз электорати ҳисобланган кам таъминланган, ногиронлиги бор оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар қилинмоқда.

Хусусан, ўтган 2021 йилда 757 нафар бола уй-жой билан таъминланган бўлса, жорий 2022 йилда яна 350 та болага уй-жой ажратилиши белгиланган.

Ёки бўлмаса, ўтган йили эшитиш қобилияти заиф 555 нафар бола кохлеар имплант билан таъминланган, жорий йилда яна 250 нафар болага шундай ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.

Энг муҳими, партиямиз сайловолди дастурида белгиланган яна бир муҳим вазифа – ногиронлиги бўлган болалар учун махсус адабиётлар, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси чоп этиш ва харид қилиш, ушбу мақсадлар учун харажатларни давлат бюджетидан молиялаштириш билан боғлиқ масала амалиётда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ўтган йилда 4 минг нафар кўзи ожиз болаларга Брайл алифбоси тарқатилгани ҳам ижтимоий ҳимоянинг ёрқин намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселекторда эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалалари билан бир қаторда нуронийлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, кекса ёшдаги ҳамда эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилиши таъкидланди. Бугун ижтимоий ҳимояга қаратилган муҳим кун бўлди десам, муболаға бўлмайди. Хусусан, бугун Президентимиз томонидан пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисидаги муҳим фармон қабул қилинди.

Энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилиши, шунингдек, 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилиши белгиланди.

1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланадиган бўлди. Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилиши белгиланди.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Хусусан, 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилиши, шу билан бир қаторда, ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилиб, улар касб-ҳунарга давлат ҳисобидан ўқитилиши белгиланди.

Муҳим масалалардан бири, эндиликда, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари (Ногиронлар, Кўзи ожизлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Карлар жамияти) ходимларига ойлик тўлаш учун давлатдан субсидия ажратиладиган бўлди.

Шу билан бирга, давлат буюртмаси асосида “Нурли маскан” мактаблари кутубхоналари Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар билан тўлиқ таъминланади.

Бундан ташқари, 3 мингдан зиёд заиф эшитувчи болаларга замонавий эшитиш мосламалари етказиб берилиши, бунинг учун бюджетдан 11 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Эндиликда махсус мактаб-интернатларнинг ходимлари меҳнатини қадрлаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар амалга оширилади. Бу борада барча ходимларга 50 фоиз устама тўлаш жорий этилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 30 миллиард сўм берилади.

Бугун Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойили асосида миллиардлаб маблағлар халқ фаровонлиги йўлида ажратилмоқда. Асосий мақсад халқни рози қилиш. Мамлакат келажаги буюк бўлиши учун аввало халқ фаровонлиги таъминланиши лозим. Зеро, барчага ғамхўрлик давлатнинг бурчи ҳисобланади.

Халқ демократик партияси аҳолини ижтимоий муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу жараёнларда фаол иштирок этади ва ўзининг муҳим сиёсий вазифаси, деб билади.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш