Эҳтиёжманд аҳоли манфаатлари янги тизим орқали янада мустаҳкам ифодаланади

 

Улуғ айём – Рамазон ҳайити арафасида эҳтиёжманд аҳолимизнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалалари бўйича Президентимиз раислигида видеосеелектор йиғилиши ўтказилишида катта маъно-мазмун мужассам.

Ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бераяпти. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгариб, самарали бошқарувнинг натижадорлиги, энг муҳими, одамларнинг ҳаётида акс этяпти.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилди. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари жойида ўрганилиб, вақтида ва самарали ҳал этиляпти.

Қайд этиш керак, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилди. Шунга қарамасдан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, пенсия ва нафақалар жорий йил 1 майидан 12 фоизга оширилиб, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилиб 440 минг сўмдан 500 минг сўмга етказилади, 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.

Шунингдек, жорий йил 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланиши, кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилмоқда.

Ногиронлиги бўлган болаларнинг маънавий камол топиши учун 108 та мактаб-интернатга ҳар йили 20 мингдан ортиқ махсус адабиётлар харид қилинади. Аввал ишламаган, “Саховат” уйларида яшовчи 1 мингга яқин ёши улуғ кишиларга шахсий харажатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади. Ногиронлиги бор фуқароларнинг пенсияси ҳар икки йилда қайта ҳисобланиб, иш стажи ва ойлигига қараб ошириб борилади. Ушбу мақсад учун бюджетдан 300 миллиард сўм йўналтирилмоқда. Мамлакатимиздаги 76 та “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, махсус мактаб-интернатларни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 600 миллиард сўмлик алоҳида дастур қабул қилинади. Бу эса ўз навбатида ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилаётганидан далолатдир.

Янги тизимни самарали йўлга қўйиш учун махсус дастур асосида 9 300 дан зиёд хотин-қизлар фаолларини маҳаллада ижтимоий хизматларни ташкил этишга ўқитиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда уйма-уй ўтказилган хатловлар мамлакатимизда ҳали 2,2 миллион аҳоли ижтимоий ёрдамга муҳтожлигини кўрсатганлиги, эҳтиёжманд аҳолининг муаммолари билан 16 та вазирлик ва идора шуғулланса-да, улар маҳалла даражасига тушиб иш олиб бормаётгани боис одамларда бу соҳага эътирозлар кўплиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан ҳимоя қилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия фаоллари, халқ депутатлари махаллий Кенгашлардаги депутатларимиз маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, аёллар фаоллари билан мустаҳкам ҳамкорликда ҳар куни “хонадонбай” асосида ишлаши, кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ҳар куни ғамхўрлик қилиши, эътиборни кучайтириши лозим.

Бунда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд қатламини ҳисобга олиш, уларга пенсия ва нафақалар тайинлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш борасида ишлар кўламини кенгайтириш керак бўлади. Айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали ёрдамга муҳтож фуқароларни уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатъий белгиланган мақсадлар учун самарали ишлатилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳимдир.

Таъкидлаш керак, бу каби ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўз тақдири ва эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш