Юртимизда ҳар бир байрам арафасида халқимиз учун кутилмаган совғалар тақдим этиш анъанага айланиб улгурди. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида хотин-қизлар учун бир қатор имтиёзлар, янгиликлар, тарихда мисли кўрилмаган туҳфалар тақдим этилди.
Улуғ айём – Рамазон ҳайити арафасида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича янги тизим яратилаётганига гувоҳи бўлаяпмиз. Яъни, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Унда нуронийлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим вазифалар, уларни амалга оширишнинг мутлақо янги механизмлари белгилаб берилди. Партиямиз электорати бўлган эҳтиёжманд аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, шунингдек, партиямиз дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлган вазифаларнинг амалга ошаётгани, энг муҳими инсон қадр-қиммати ошиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга кириб бориши ва ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Президент ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилишини қайд этди. Ва бундай масъулиятли вазифани амалга оширишда хотин-қизлар вакилалари ҳисобланмиш, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига юксак ишонч билдирди.
Мутасаддиларга 1 июлга қадар ушбу тизимни барча ҳудудларда жорий этиб, 70 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатишни маҳаллада йўлга қўйиш топширилди. Бунда, хотин-қизлар фаоллари ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга:
― ҳар бир хонадонга бевосита кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга эҳтиёжни аниқлайди;
― ҳар бир оила учун алоҳида ижтимоий ҳимоя режасини ишлаб чиқади;
― аҳоли мурожаатлари асосида ижтимоий хизматлар ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб боради;
― мураккаб тиббий операцияларга муҳтожларни аниқлаб, уларни бепул даволаш учун юборишга кўмаклашади.
Шунингдек, янги тизимни самарали йўлга қўйиш учун махсус дастур асосида 9 минг 300 дан зиёд хотин-қизлар фаолларини маҳаллада ижтимоий хизматларни ташкил этишга ўқитиш вазифаси қўйилди.
Иш фаолиятини тўғри йўлга қўйган, иш самарадорлиги юқори бўлган хотин-қизлар фаолларини мукофотлаш, уларни йил натижалари бўйича эса “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланиши маълум қилинди.
Хотин-қизларга нисбатан бундай юксак ишонч ва эътироф, албатта хотин-қизларимизни ўз устида янада масъулият билан ишлашга, янгидан-янги ғоялар билан ўз билим ва салоҳиятини, истеъдодини намоён этишга ундайди.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП МАрказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.