Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон ХДП Андижон вилояти кенгаши томонидан депутатлар форуми ўтказилди.
Тадбирда партиядан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, партия ходимлари ва фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси М.Ғаниева, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Ш.Маматқулов, К.Гопиров ҳамда ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дастлаб “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Андижон ва Асака шаҳарларида яшовчи, уйида таълим олаётган мактаб ўқувчилари Олимжон Мавлонов, Нодирахон Ортиқбоева ҳамда Абдуҳошим Абдуазимовнинг ҳолидан хабар олинди. Уларнинг таълим олишлари учун яратилган шароитлар билан танишилди. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд куни муносабати билан улар учун синфдошлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ийд Рамазон ҳайити муносабати билан ҳомийларнинг совғалари топширилди.
Шунингдек, форумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳларининг ўтган йилги фаолиятининг таҳлили, олдинда турган долзарб вазифалар ҳақидаги ҳамда депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш йўллари масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари кичик гурҳларга бўлиниб, “Депутатлик гуруҳлари фаолияти таъсирчанлигини ошириш учун нима қилиш керак?”, “Депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг БПТ билан ҳамкорлиги” каби мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдириб, шу асосда ушбу йўналишларда ишларни жонлантириш бўйича таклифлар бердилар.
Форум якунида самарали меҳнат қилаётган депутатлар, шунингдек “Депутатлик гуруҳлари билан яхши алоқа ўрнатган БПТ раҳбари” ва “Партиянинг энг фаол аъзоси” номинациялари бўйича энг илғорлар рағбатлантирилди.
Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.