“Бизнинг номзодга овоз беринг!”

 

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ҳамда Бухоро шаҳар кенгаши ҳамкорлигида "Мақсадимиз — халқимиз турмуш даражасини янада ошириш" шиори остида Бухоро шаҳридаги Намозгоҳ кўчаси бўйлаб янги форматдаги сайловолди тарғибот намойиши ўтказилди.

Намойишдан сўнг Бухоро тиббиёт коллежида “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” шиори остида сайловчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева очиб берди. Унда даставвал З.Туйеванинг партия Сайловолди дастурида белгиланган масалалар, маҳаллий кенгаш депутатлари сайловолди дастурларини қандай шакллантиришига бағишланган маърузаси тингланди.

Халқ фаровонлигини таъминлаш, оилалар, айниқса, эҳтиёжманд қатламлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш вазифасини ўзига устувор билган Ўзбекистон Халқ демократик партияси мафкураси учта асосий ғоядан иборат: ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда ижтимоий демократик ғоялардир. Мазкур ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизда ижтимоий барқарорликни таъминлайди. Ислоҳотларни амалга ошириш, ривожланиш учун барқарор ижтимоий вазиятни тақдим этади.

Зеро, ижтимоий демократик давлат қуриш инсониятнинг азалий орзусидир. Энг муҳими, ушбу ғоялар партиямиз ҳимоя қилаётган ижтимоий қатлам манфаатидан келиб чиқиб белгиланган. Барча учун фаровонликни таъминлайдиган, ижтимоий-иқтисодий барқарор давлатни барпо этиш учун, аввало, ижтимоий заиф қатлам манфаатларини ҳимоя қилишимиз лозим.

Партиянинг янги Сайловолди дастурида халқимизни ўйлантириб келаётган кўплаб долзарб масалалар ечими бўйича янги ва қатъий ташаббуслар ўрин олган. Хусусан, дастурда миллионлаб юртдошларимизнинг кундалик турмушини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш учун “Яшаш минимуми”, “Истеъмол саватчаси”, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари” тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.

Шунингдек, дастурда аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш, кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, шифокорлар, ўқитувчи ва педагогларнинг ҳимоясини кучайтириш, қишлоқ одамларининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида акс этганидек, аҳолининг яшаш шароити яхшиланса, жамиятда эҳтиёжманд оилалар иқтисодиёти барқарорлашиб борса, макроиқтисодиёт ривожланади ва шиддат билан ўзгараётган дунёда Ўзбекистон ўз ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамлайди. Бу — бизнинг энг эзгу мақсадимиздир.

Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 23-Бухоро сайлов округидан номзоди кўрсатилган Ўткир Наджимитдиновнинг ҳудуд аҳолиси билан учрашуви ташкил этилиб, сайловолди тарғиботи ўтказилди.

 

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш