Юртимизда меҳр-оқибат, оғир кунда бир-бирига ёрдам кўрсатиб, ўксик қалбларга меҳр улашиш азалий қадриятларимиздан, кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос юксак фазилатлардан ҳисобланади. Куни кеча давлат раҳбари томонидан яна бир муҳим Фармон имзоландики, бу билан 65 нафар ўксик қалбнинг кўнглида ҳаётга умид учқунлари пайдо бўлди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Инсон қадри юксалаётган, одамийлик ва бағрикенглик ҳукм сураётган Ўзбекистонда инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун эканини амалий ишлар мисолида кўриб турибмиз. Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадр-қиммати, шаънини улуғлашдек эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган ислоҳотлар изчиллик билан ҳаётимизга тадбиқ этилмоқда.
Ўрни келганда таъкидлаш керак, қайси мамлакатда инсон, унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади. Президентимизнинг қайси маърузасини эшитмайлик, барчасида инсон қадри биринчи ўринга қўйилганининг гувоҳи бўламиз.
Фармонга кўра, авф этилган шахсларнинг 2 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 39 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Уларни ижтимоий ҳаётга мослашувини, фойдали меҳнат билан шуғулланиш учун бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ва жамиятда тўла тўкис ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш ва ҳар тарафлама кўмак беришни давлат ўз зиммасига олишининг ўзи ҳам Юртбошимизнинг уларга оталарча ғамхўрлиги десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бундан ташқари, 1 нафар чет эл фуқароси, 3 нафар аёл ҳамда 3 нафар 60 ёшдан ошган шахслар этилди.
Мухтасар айтганда, мазкур бағрикенглик ифодаси юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний принципларга оғишмай амал қилинаётганининг яққол ифодаси бўлди.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.