Инсонпарварликка йўғрилган сиёсат

 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилгани билан аҳамиятлидир. Тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” тамойили ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Жумладан, ўтган давр мобайнида ушбу тамойил асосида барча соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар аввало халқимизнинг ҳаёт тарзида ўз ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилди. Энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилиб, 440 минг сўмдан 500 минг сўмга етказилди. Шунингдек, 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.

Шунинг билан бирга, 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади. Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилиши эса, Ватанимиз тинчлиги учун керак бўлса жонини фидо қилишга тайёр бўлган азиз отахон-онахонларимиз кўнглини тоғдек кўтариши шубҳасиз.

Мазкур йиғилишда ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилиши таъкидланди. Жумладан, 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади. Ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик тўлаш учун давлатдан субсидия ажратилади. Шу билан бирга, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш мақсадида янги “Нурли маскан” номини олган мактабларда янги ўқув йилидан қўшимча 850 та ўқув хоналари ва 1 минг 200 та ётоқхона ўрни ташкил этилади. Бундан ташқари, 3 мингдан зиёд заиф эшитувчи болаларга замонавий эшитиш мосламалари етказиб берилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, улуғ айём кунларида кўнгли ўксик инсонларга берилаётган эътибор давлатимиз сиёсатининг юксак инсонпарварлик ғоялари билан чамбарчас эканидан далолат беради.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш